12:39 | 28.04.22 39

Тошкентда 5 бола ўғирлангани ҳақида хабар тарқалди

Пойтахт ИИББ ҳолат юзасидан муносабат билдирди

Тошкент шаҳрида 27 апрель куни 5 нафар бола ўғирлангани ҳақида хабар тарқалди. Ҳозирда бу каби ёлғон хабарларни тарқатаётган шахслар бўйича текширув ўтказилмоқда. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Маълум бўлишича, тарқалган хабарлар ёлғон бўлиб, шаҳарда бола ўғирлиги қайд этилмаган. Шунингдек, ИИББ аҳолидан ёлғон хабар тарқатмасликни сўраган.

«Ҳурматли фуқаролар ва шаҳримиз меҳмонлари! Ҳар қандай маълумотни тарқатишдан олдин расмий ташкилотлардан маълумот олишни тавсия этамиз. Унутманг! Ёлғон хабар тарқатганлик учун жавобгарлик бор!», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Сурхондарёда одам ўғирлашнинг янги усули пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар юзасидан Миллий гвардия ахборот хизмати ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га маълумот берганди.