Жаҳон - 22:40 · 28.04.2022

Украиналикларнинг рус ҳарбийларига қарши xийласи, Россияга қарши ҳужум ва Херсондаги портлашлар

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 28 апрель куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «The New York Times»

Россия ялпи ички маҳсулоти ўсиши 1,6 фоизгача пасайди. Бу ҳақда мамлакат Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ҳисоб-китобларига таяниб «РБК» хабар берди.

Таъкидланишича, иқтисодиётнинг базавий тармоқларидан ялпи ички маҳсулот ўсишининг секинлашиши асосан саноат ишлаб чиқариши ҳиссасига тўғри келган. Бу тармоқнинг ўсиш суръати март ойида 6,3 фоиздан йиллик 3,0 фоизгача пасайган.

АҚШ Украинадаги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига киритиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен маълумот берди.

Херсон марказидаги телемарказ ёнида бир қатор кучли портлашлар содир бўлди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди. Қайд этилишича, Херсон марказига камида иккита «Точка-У» ва бир нечта «Ураган» ракетаси билан зарба берилган. Нашрнинг ёзишича, ўққа тутиш Украина қўшинлари позициялари томонидан амалга оширилган.

Украинада уруш бошланганидан бери Россиянинг Европа Иттифоқи мамлакатларига ёқилғи сотишдан оладиган даромадлари деярли икки баравар кўпайди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Қайд этилишича, савдоларнинг умумий хажмида пасайиш кузатилган бўлса ҳам, энергия нархининг ошиши Москвага тахминан 62 миллиард евро келтирган. Британиянинг «Guardian» газетаси хулосаларига кўра, Европа Иттифоқи раҳбарлари Путин энергиядан сиёсий ва иқтисодий босим учун восита сифатида фойдаланишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Лекин шунга қарамай, Россия Европанинг энергия қарамлигидан фойдаланишда давом этмоқда.

Айтилишича, урушнинг икки ойи давомида Россия нефти, кўмир ва газининг Европа Иттифоқига импорти тахминан 44 миллиард еврони ташкил этган. Таққослаш учун, 2021 йил давомида бу миқдор 140 миллиард еврони ёки ойига тахминан 12 миллиардни ташкил қилган.

Ҳозирча Россия газининг асосий харидори Германия ҳиобланади. Мамлакат расмийларнинг Россияга қарамликни камайтириш зарурлиги ҳақидаги баёнотларига қарамай, урушнинг икки ойи давомида Германия бу давлатдан 9 миллиард евролик энергия ресурсларини импорт қилган.

Украина аҳолиси Россия қўшинларининг силжишини секинлаштириш учун ўз ҳудудида вайронагарчиликлар уюштиргани маълум бўлди. Бу ҳақда «The New York Times» хабар берди.

Маълумотларга кўра, украиналиклар қишлоқ ва унинг атрофидаги далаларни қасддан сувга ботирган. Бу эса ўз навбатида ботқоқлашишга, бу орқали Киевга рус танкларининг кириши секинлашишига олиб келган.

Нашрнинг қайд этишича, маҳаллий аҳоли бундай қурбонлик қилишга мажбур бўлганидан афсусда эмас.

Фото: «The New York Times»

Украина президенти Владимир Зеленскийнинг сурати «Time» журналининг навбатдаги сони муқовасида акс эттирилди.

Фото: «Time»

Жо Байден маъмурияти Украинага ёрдам бериш учун АҚШ Конгрессидан 33 миллиард доллар сўради. Бу ҳақда «CNN» хабар берди.

Маълум бўлишича, бу миқдор уруш давом этса, кейинги бир неча ой учун янги қўллаб-қувватлаш пакети учун керак бўлади. Пулнинг 20,4 миллиарди ҳарбий ва хавфсизлик ёрдамига сарфланиши айтилган.