Жаҳон - 8:04 · 28.04.2022

Украинанинг урушдан кўрган зарар миқдори маълум қилинди

Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак мамлакат уруш туфайли 600 миллиард долларгача зарар кўрганини айтди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Фото: «AP»

Маълум қилинишича, ҳужум оқибатида 535 та болалар боғчаси, 866 та мактаб ва университетлар, 231 та тиббиёт муассасаси ва 173 та завод вайрон бўлган.

«Россия мамлакатимиздаги барча ҳаракатлари ва содир этган вайронагарчиликлари учун жавоб бериши керак. Украинани тикланишни халқаро ёрдам ва мамлакат бюджетидан ташқари Россия томонидан амалга ошириш зарур. Украина иқтисодиётининг умумий йўқотишлари (тўғридан-тўғри ва билвосита) 564 миллиард доллардан 600 миллиард долларгача баҳоланган. Инфратузилмага етказилган тўғридан-тўғри зарарнинг ҳужжатлаштирилган миқдори 88 миллиард долларга етган. Биргина сўнгги ҳафтанинг ўзида Украина иқтисоди 3,1 миллиард доллардан ортиқ зарар кўрган», — деган у.

Бундан ташқари, Президент девони раҳбари бугунги кунда Украинада қуйидагилар объектлар йўқ қилинганини айтган:

  • 23 минг километр йўл;
  • 32 минг квадрат метр уй-жой фонди;
  • 535 та болалар боғчаси;
  • 866 та ўрта, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари;
  • 231 та тиббиёт муассасаси;
  • 173 та завод;
  • 75 та маъмурий бинолар;
  • 277 кўприк ва ўтиш жойлари;
  • 11 та ҳарбий аэродром;
  • 1 та аэропорт.

Аввалроқ Путин Украинадаги «махсус операция» БМТ низомига мувофиқ бошланганини айтганди. Шунингдек, Россия президентининг Украина бўйича режалари маълум қилинган.