Видео: «Rost24»да эълон қилинган суриштирув материали таҳдид сабаб ўчирилганми?
АОКАда 27 апрель куни «Эзгу мақсад» халқаро хайрия жамоат фонди раиси Жаҳонгир Усмонов бошчилигида ташкилотнинг 5 йиллик фаолияти юзасидан матбуот анжумани ўтказилмоқда. Бу ҳақда унда иштирок этаётган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

«Rost24» бош муҳаррири Анора Содиқова нашрнинг сайти ва «YouTube»даги каналидан Жаҳонгир Усмонов ва унга алоқадор корхоналар ҳақидаги суруштирув материали таҳдид ва босим сабабли ўчириб юборилганини маълум қилганди. Содиқова ўчириб ташланган материални ўзининг Facebook саҳифасига жойлаган.
Анжуманда Усмоновнинг ўзи бу масалага ойдинлик киритиб, изоҳ берди.
«Бу менинг учун ҳам қизиқ нарса. Материални кўрсангиз, туҳматлиги кўринади, ҳар бир гапига исботимиз бор. Бу жараённи фақат интернетда томоша қилиб ўтирганман. Ҳатто кўрмадим ҳам, олиб ташланганини айтиб, телефон қилишди. Мен кап-катта киши бўлсам, шу материални олиб ташлашга ҳаракат қиламанми? ‘Негатив’ материал олиб ташланса, ким ҳақида материал бўлган бўлса, ана ўша одам ёки ташкилотга фақат зарар. Жавобим шу, уёғини ўзингиз ўйланг.
Менинг оилам учун бу жуда ҳам оғир бўлди. Майли, материал сайтдан олиб ташланди, ҳўп. 1–2 соатдан кейин Анора Содиқова саҳифасида худди шу материал чиқди. Нимага унда у таҳдиддан қўрқиб, ўзининг сайтидан хабарни олиб ташлади, орадан бироз ўтгач яна тармоқдаги саҳифасига юклади? Бу савол эмасми?. Бу савол фақат менга эмас. Анора Содиқова соғ бўлсинлар, умрлари узоқ бўлсин», — дейди фонд раиси.