Жамият, Жаҳон - 21:00 · 29.04.2022

Бугун оқшоми. Ошадиган пенсиялар, ўзини 4-қаватдан ташлаган талаба, NATO’нинг муҳим баёноти

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистон бўйлаб 2 май куни Рамазон ҳайити намози ўқилади. Ўша куни Тошкентда масжидларга келиб-кетиш учун махсус автобус йўналишлари йўлга қўйилади.

Фото: «Bugun.uz»

Тошкент шаҳрида 2 май куни 11 та туманда жойлашган 98 та масжидда Рамазон ҳайит намози ўқилиши белгиланган. «Тошшаҳартрансхизмат» байрамда масжидларга келиб-кетиш учун махсус автобус йўналишлари ташқил қилинишини маълум қилди. Улар соат 03:00 дан 06:00 га қадар қуйидаги кўчалар орқали ҳаракатланган ҳолда фуқароларнинг масжидларга келиб кетишлари учун хизмат кўрсатади. Қайси масжидга қайси йўналишдаги автобус боради, улар қайси кўчалардан ўтади — батафсил бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Яна бир маълумот: байрам кунлари республиканинг катта қисмида қуруқ ва асосан кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Аммо, мамлакатнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Рамазон ҳайити арафасида 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармон имзоланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Рамазон ҳайити арафасида Президент адашиб жиноятга қўл урган, лекин айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонни имзолади.

«Рамазон ойи – сахийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ойидир. Бу қутлуғ айёмда меҳр-шафқатли, кечиримли бўлиш ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарз», деган давлат раҳбари.

Шу билан бирга, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари олдига байрам юқори савияда ўтишини таъминлаш вазифаси қўйилган.

Ўзбекистонда 1 майдан пенсия ва нафақалар миқдори 12 фоизга оширилади. Уруш қатнашчиларига 15 миллион сўмдан берилади.

Президентнинг тегишли фармони билан энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга оширилади (440 минг сўмдан 500 минг сўмга).

Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек, ушбу фармон билан 9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилади. Шу билан бирга, 1 июндан бошлаб уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланади.

Бундан ташқари, уларга кийим-кечак хариди учун ҳар йили 4 миллион сўмдан компенсация тўлаш тартибини жорий этилади.

Блогер «bakiroo»нинг ёзишича, ўзбекистонлик уруш ветеранларига бериладиган сумма (15 миллион сўм) Россиядагиларникидан кўра 10 баравар кўп. Россиялик уруш ветеранларига 10 минг рубл, яъни 1 500 000 минг сўм атрофида пул берилиши белгиланган.

Хабарни боши эсингиздами? Яъни пенсиялар ошиши ҳақидаги. Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов бунинг фонида бозорларда содир бўлиши кутилаётган ҳолатларга атаб карикатура чизди.

Фото: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Жаҳон тиллари университети талабаси ўзини 4-қаватдан ташлаб, жонига қасд қилди. Ҳали бунга нима сабаб бўлгани аниқ эмас.

Фото: «Bugun.uz»

Бугун, 29 апрель куни соат 08:10 да пойтахтнинг Учтепа туманида жойлашган Жаҳон тиллари университетида талаба (эркак) ўзини 4-қаватдан ташлаб, ҳалок бўлди. Бош прокуратуранинг аниқлик киритишича, марҳум талаба Наманган вилоятида 2001 йилда туғилган 2-курс босқичида ўқиётган бўлган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари Раҳим Ҳакимов «Bugun.uz» мухбирига воқеа юзасидан изоҳ берди. Ҳакимовнинг сўзларига кўра, ҳодиса камераларга ёзиб олинган ва ҳеч қандай ташқи аралашув бўлмаган.

«Ҳали ҳеч ким нима бўлганини билмайди. Талаба деразага яқинлашди ва йиқилиб тушди. Ҳозир аниқ хулоса чиқаришнинг иложи йўқ, бу билан ҳуқуқ-тартибот идоралари шуғулланмоқда», — деган у.

https://t.me/bugunuzlive/38949

Шунингдек, вазир ўринбосари марҳумнинг қандай талаба бўлгани ҳақида маълумот берган.

«Бу йигит ҳақида ҳеч қандай салбий фикрлар бўлмаган, яъни унда депрессия кузатилмаган. Оддий талаба бўлиб, яхши ўқиган. Албатта, бу ҳолат барчамиз учун қайғули. Бошқа олий ўқув юртларида ҳам бундай ҳолатлар кузатилмаслиги учун масалани янада чуқурроқ ўрганяпмиз», — дейди Раҳим Ҳакимов.

Ҳозирда содир бўлган воқеа юзасидан Тошкент шаҳар Учтепа туман прокуратураси томонидан текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Воқеалар ривожини кузатамиз.

Хўш, оламда нима гап?

Финляндия ва Швеция тез орада NATO’га қўшилади. NATO бош котиби Йенс Столтенберг Швеция ва Финляндиянинг альянсга аъзо бўлишини кутаётганини айтди.

Фото: «Reuters»

Унинг сўзларига кўра, ташкилотга аъзолик тезликда амалга ошади, чунки бу мамлакатларнинг қуролли кучлари ҳарбий-сиёсий блок талабларига жавоб беради. Бундан ташқари мазкур давлатларнинг NATO’га қўшилиш даврида хавфсизлиги ҳимоя қилинади.

«Финляндия ва Швеция NATO’га аъзоликка ариза бериш ёки бермаслик борасида ўзлари қарор қабул қилиши керак. Аммо улар қўшилишга қарор қилса, биз очиқ чеҳра билан қарши оламиз. Улар билан кўп йиллардан бери ишлаймиз, бу мамлакатларнинг қуролли кучлари NATO стандартларига мос келади. Мен аъзолик жараёни тезда амалга ошишини кутиб қоламан», — деган Столтенберг.

Зеленский Индонезияда бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф қилинди. Унда Путин ҳам қатнашиши мумкин.

Фото: «BBC»

Украина президенти Владимир Зеленский Индонезия президенти Жоко Видодо уни 2022 йилги G20 («Катта йигирмалик») саммитига таклиф қилганини айтди. Зеленский Twitter’да 2022 йилги G20 саммитига раислик қилаётган Видодо билан гаплашганини ёзган. У ноябрь ойи ўрталарида Индонезиянинг Бали шаҳрида бўлиб ўтадиган дунё етакчиларининг учрашувига таклиф қилганини айтиб, бунинг учун миннатдорчилик билдирган.

«Мени G20 саммитига таклиф қилганингиздан миннатдорман», — деган Украина президенти. Шунингдек, у иккала президент озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари, Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳақида фикр алмашганини айтган.

Россиянинг Индонезиядаги элчиси Людмила Воробьева март ойида Россия президенти Владимир Путин саммитда иштирок этиши мумкинлигини айтган ва унинг иштироки «кўп нарсаларга, жумладан, COVID’га боғлиқ бўлишини» қўшимча қилган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков апрель ойи бошида Путин ўз режалари ҳақида учрашувга яқинроқ қарор қабул қилишини айтган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.