Жаҳон тиллари университетида ўз жонига қасд қилган талабанинг шахси аниқланди
Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси 29 апрель куни ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура ахборот хизмати ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, соат 08:10 да Учтепа туманида жойлашган университетнинг маъмурий биносини 4-қаватидан Наманган вилоятида 2001 йилда туғилган 2-курс босқичи талабаси (эркак) ўзини пастга ташлаб, ўз жонига қасд қилган.
«Ҳозирда содир этилган ҳодисанинг аниқ сабабларини аниқлаш, иш учун аҳамиятли бўлган из, далил ва бошқа муҳим буюмлар инсон таъсири оқибатида йўқолиши ёки шикаст етказилишини олдини олиш мақсадида жиноят процессуал қонунчилигига риоя қилган ҳолда Учтепа туман прокуратураси томонидан текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
Аввалроқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га маълумот берганди. Вазирлик ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини қайд этганди.