Жаҳон - 8:10 · 29.04.2022

Мьянма собиқ етакчиси коррупцияда айбланиб, 5 йилга қамалди

Ҳарбийлар томонидан бошқариладиган Мьянма суди мамлакат собиқ етакчиси Аун Сан Су Чжини коррупцияда айбдор деб топиб, уни беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

Фото: «AP»

Келтирилишича, 2021 йили ҳарбий тўнтариш оқибатида ҳокимиятдан ағдарилган Аун Сан Су Чжи сиёсий ҳамкасбидан олтин ва юз минглаб доллар пора олгани ҳақидаги айбловларни рад этган. Собиқ етакчининг тарафдорлари ва адвокатлари унга нисбатан бу ҳаракатларни адолатсиз деб топган.

Мьянманинг асосчиси Аун Саннинг қизи Су Чжи 1988 йилда собиқ ҳарбий ҳукуматга қарши қўзғолон пайтида Демократия учун Миллий лига партиясини тузиш ж араёнида жамоат арбобига айланган. Кейинги 21 йилнинг 15 йилини у демократия учун зўравонликсиз кураш олиб боргани учун уй қамоғида ўтказган. Бу унга 1991 йилда Тинчлик учун «Нобель» мукофотига сазовор бўлишга туртки бўлган.

2015 йилда армия сайлов ўтказишга рухсат берганида, унинг партияси ғалаба қозонган ва у амалда давлат раҳбари бўлган. Унинг партияси 2020 йилги сўровларда ҳам ғалаба қозонган. Су Чжи бошқа айбловлар бўйича аллақачон олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва яна 10 та коррупция айблови билан судланган.

Аввалроқ Жанубий Кореяда 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ президент афв этилганди. Шунингдек, Қирғизистон собиқ президентининг укаси тергов ҳибсхонасидан озод қилинганди.