Жамият, Тошкент ш. - 17:39 · 29.04.2022

Олий таълим вазири ўринбосари жонига қасд қилган талаба воқеаси юзасидан изоҳ берди — видео

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари Раҳим Ҳакимов «Bugun.uz» мухбирига Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўз жонига қасд қилган талаба воқеаси юзасидан изоҳ берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Ҳакимовнинг сўзларига кўра, ҳодиса камераларга ёзиб олинган ва ҳеч қандай ташқи аралашув бўлмаган.

«Ҳали ҳеч ким нима бўлганини билмайди. Талаба деразага яқинлашди ва йиқилиб тушди. Ҳозир аниқ хулоса чиқаришнинг иложи йўқ, бу билан ҳуқуқ-тартибот идоралари шуғулланмоқда», — деган у.

Шунингдек, вазир ўринбосари марҳумнинг қандай талаба бўлгани ҳақида маълумот берган.

«Бу йигит ҳақида ҳеч қандай салбий фикрлар бўлмаган, яъни унда депрессия кузатилмаган. Оддий талаба бўлиб, яхши ўқиган. Албатта, бу ҳолат барчамиз учун қайғули. Бошқа олий ўқув юртларида ҳам бундай ҳолатлар кузатилмаслиги учун масалани янада чуқурроқ ўрганяпмиз», — дейди Раҳим Ҳакимов.

Маълумот ўрнида, 29 апрел куни соат 08:10 да Учтепа туманида жойлашган университетнинг маъмурий биносини 4-қаватидан Наманган вилоятида 2001 йилда туғилган 2-курс босқичи талабаси (эркак) ўзини пастга ташлаб, ўз жонига қасд қилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га маълумот бериб, ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини қайд этган.