Ўзбекистон фахрийлари бошқа давлатлар билан солиштирганда қанча кўпроқ тўлов олиши маълум бўлди
Ўзбекистон фахрийлари бошқа мамлакатлар билан солиштирганда нисбатан кўпроқ тўловлар олиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Нигоҳ» хабар берди.
Фото: «Bugun.uz»
Маълум қилинишича, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқаролар 15 миллион сўмдан (тахминан $1340) олади. Бу, Озарбайжон (882 доллардан кам), Беларусь (535 доллар), Қирғизистон (1209 доллар), Молдова (540 доллар), Россия (140–350 доллар), Тожикистонга (240–480 доллар) нисбатан юқори.
«Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда тўловлар миқдори йилдан-йилга ошиб бормоқда: 2017 йил — 2 миллион, 2018 йил — 5 миллион, 2019 йил — 7,5 миллион, 2020 йил — 10 миллион, 2021 йил — 12 миллион», дейилади хабарда.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев пенсия ва нафақаларни 1 майдан 12 фоизга ошириш тўғрисида фармонни имзолагани хабар берилганди. Йиғилишда кекса ёшдаги ҳамда эҳтиёжманд аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилиши таъкидланди. Шунингдек:
энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга оширилади (440 минг сўмдан 500 минг сўмга);
9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилади.