Ўзбекистонда 1 майдан пенсия ва нафақалар миқдори оширилади
9 май арафасида айрим фуқароларга 15 млн сўмдан берилади
Шавкат Мирзиёев пенсия ва нафақаларни 1 майдан 12 фоизга ошириш тўғрисида фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда кекса ёшдаги ҳамда эҳтиёжманд аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилиши таъкидланди.
Шунингдек:
- энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга оширилади (440 минг сўмдан 500 минг сўмга);
- 9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилади.
Мутасаддиларга:
- ёлғиз яшаётган ва ўзгалар парваришига муҳтож одамлардан шахсан хабар олиб, уларга совға-саломларни етказиш;
- уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларнинг ҳар бирининг хонадонига шахсан бориб, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топшириш;
- 10 минг нафар фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар билан шахсан учрашиб, ҳолидан хабар олиш ва совға-саломлар етказиш топширилди.
1 июндан бошлаб уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланади.
Бундан ташқари, уларга кийим-кечак хариди учун ҳар йили 4 миллион сўмдан компенсация тўлаш тартибини жорий этилади.
Бунга қўшимча равишда, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига маҳаллий буджетлар, «дафтарлар» жамғармалари ва «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан бу савобли ишларнинг қамровини кенгайтириш топширилди.
Президент ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш тизими янада кенгайтирилишини таъкидлади. Жумладан:
- 1 майдан бошлаб ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга олган корхоналарга 6 ой давомида ҳар бир бундай ходими учун 400 минг сўмдан субсидия берилади;
- ўзини ўзи банд қилган ва ҳунармандчилик билан шуғулланадиган ногиронлиги бўлган шахсларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилишга субсидия ажратилади, улар касб-ҳунарларга давлат ҳисобидан ўқитилади.