Ўзбекистонда Рамазон ҳайити арафасида кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
«Ўзгидромет» гидрометеорология хизмати маркази дам олиш кунлари ва Рамазон ҳайити арафасида республика ҳудудлари бўйлаб қандай об-ҳаво кузатилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида 29 ва 30 апрель кунлари ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Самарқанд, Жиззах вилоятларининг айрим туманларида бугун кундуз куни, Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида баъзи жойларда эртага кечаси ва эрталаб қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
1–2 май кунлари республика ҳудудига Эрон ҳудудларидан май ойининг боши учун анча жуда иссиқ бўлган ҳаво кириб келиши кучаяди. Кундуз кунлари ҳаво 32–34 даражагача, республика жанубида 36–39 даражагача исийди. Бундай ҳарорат фони метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун ушбу даврнинг энг юқори ҳароратидан фақат 2–3 даражага паст бўлади. Шу кунларда фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Қолган ҳудудларда қуруқ ва асосан кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
3–4 май кунлари эса Ўзбекистон ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келади. Республика бўйича вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиши мумкин. Баъзи жойларда шмол 17–22 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда, 3 майда баъзи жойларда чанг тўзонлари кузатилиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати 22–25 даражагача пасаяди.