Жамият - 9:08 · 29.04.2022

Ўзбекистонда шоколаддан сальмонеллёз инфекцияси тарқалиши қайд этилдими?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирга қадар Ўзбекистонда шоколад орқали сальмонеллёз инфекциясини юқтириш ҳолатлари қайд этилмаганини маълум қилди. Бу ҳақда 28 апрель куни вазирлик Telegram каналида хабар берилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, шу кунларда дунёнинг айрим мамлакатларида «Kinder» савдо белгиси остида Бельгияда ишлаб чиқарилган шоколад маҳсулотлари сотув расталаридан олиб ташланмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, ҳозиргача дунёнинг 11 давлатида салмонеллёз касаллигига чалиниш ҳолатлари кескин ошиб кетиши айни шу ширинликлар билан боғлиқ. Зарарланган шоколад маҳсулотлари камида 113 мамлакатга тарқатилгани айтилмоқда.

Айни пайтга қадар салмонеллёз билан боғлиқ 151 ҳолатдан 150 таси Европада рўйхатга олинган бўлса, қолган бири АҚШда кузатилган. Шу сабабли ана шу ва бошқа ҳудудларда «Kinder Surprise», «Kinder Mini Eggs», «Kinder Surprise Maxi» ва «Kinder Schoko-Bons» номли маҳсулотлар дўконлардан қайтариб олиняпти.

Мутахассислар изоҳига кўра, сальмонеллёз инсоннинг ошқозон-ичак трактига зарар етказувчи бактериялардир. Ушбу инфекция кўп ҳолларда беморларда енгил аломатлар билан кечса, баъзи турлари одамларда ўткир касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Умумий симптомлар орасида диарея, иситма, қорин оғриғи ва кўнгил айниши кўп кузатилади. Касалликка аниқ ташхис қўйиш учун микробиологик ва бактериологик таҳлиллар зарур.

«Ўзбекистонда эҳтиёт чоралари кучайтирилиб, кириб келаётган ва савдога чиқарилаётган барча ширинликлар қатори, ‘Kinder’ савдо белгиси остидаги маҳсулотларнинг хавфсизлиги ҳам назоратдан ўтказиляпти», дейилади вазирлик хабарида.