Прокуратура органларида бир йилда қанча жиноят яширилгани маълум бўлди
Олий Мажлис Сенатида 29 апрель куни ўтказилган навбатдаги ялпи мажлисда Бош прокурорнинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, прокуратура органлари томонидан 2021 йилда 6,5 мингга яқин жиноятни ҳисобдан яшириш ҳолатлари аниқланган. Барчаси ҳисобга қўйилган ҳамда жиноятларни қасддан яширган масъул ходимларга нисбатан 44 та жиноят иши қўзғатилган.
«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан келиб тушган 3 минг 28 та ариза ва хабарларнинг барчаси бўйича терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилган. Текшириш натижаларига кўра, жами 161 жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларга нисбатан чоралар кўрилиши таъминлаган», — деди Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев.
Сенат раиси Танзила Норбоева ушбу масала ҳақида фикр билдириб, прокуратура тизимини халқчил органга айлантириш бўйича эътиборга молик ишлар амалга оширилаётганини, бироқ ҳисоботда хавотирли рақамлар ҳам борлигини қайд этди.

«Бош прокурор ҳисоботи прокуратура органлари фаолиятига баҳо бериш билан бирга мамлакатда қонунийлик ҳолати ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Келтирилган рақамлар қайси масалаларда ишлашимиз кераклигини кўрсатиб бермоқда. Бироқ ҳисоботда хавотирли рақамлар ҳам бор. Булар — иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар талон-тарож қилингани, археология объектларини реставрация қилишдаги талон-тарожликлар, ҳисоботларда янги иш ўринлари қўшиб ёзилганидир.
Нима қилиш керак? Аввало ким бўлишидан қатъий назар жиноят учун жазо муқаррарлигини барчанинг онгига сингдириш зарур. Қолаверса, жиноятга, жумладан, коррупцияга имкон берувчи сабаб ва омилларни бартараф этиш бўйича тизимли чораларни янада кенгайтириш ҳамда такомиллаштириш керак. Бу масалалар тизим раҳбарларини ўйлантириши зарур. Албатта, халқ вакиллари сифатида биз ушбу масалаларга бундан кейин ҳам устувор аҳамият қаратамиз», — деди Танзила Норбоева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда очилмаган жиноятлар тадқиқ этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, жиноятларнинг содир этилишига имкон яратувчи шарт-шароитлар ўрганилиши маълум қилинганди.