Жаҳон - 16:17 · 29.04.2022

Рамзан Қодиров Украинага қандай раҳбар кераклигини айтди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров мамлакатни бутунлай йўқ бўлиб кетишдан қутқарган Ахмат Қодировдай раҳбар Украинага кераклигини айтди. У бу ҳақда ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Фото: «Kavkazmk.ru»

«Фақат кучли ва узоқни кўра оладиган раҳбар, Чеченистоннинг биринчи президенти, Россия Қаҳрамони Ахмат Ҳожи Қодиров, бизни бутунлай йўқ бўлиб кетишдан қутқара олди. У ва Россия президенти Владимир Путин туфайли биз ҳарбий гўшт майдалагичдан чиқиб кетишга муваффақ бўлдик. Айнан шундай етакчи Украинага ҳозир етишмаяпти», — дейди у.

Қодиров Чеченистон «бутунлай йўқ бўлиб кетиш» арафасида турган вазиятни тасвирлар экан, 1990 йиллар боши, «тартибсизлик», «ҳалокат», «халқаро террорчиларнинг ҳукмронлиги» ва «қурбонлар» бўлганини эслаб ўтган. Чеченистон раҳбари украиналиклар вазиятни қайта ўйлаб, давлат устидан назоратни қўлларига қайтаришига умид билдирган. Акс ҳолда бу вазифани Россия президенти бажариши таъкидланган.

«Агар кимдир Россия Украина мустақиллигига қарши душманлик сиёсатини олиб бормоқда деб ўйласа, қаттиқ адашади. Бу давлат 2014 йилда Ғарбий ва Европа институтлари ҳокимиятни қўлга киритиб, назоратни ҳимоячиларига топширганида суверенитетини йўқотган», — дейди Чеченистон раҳбари.

Аввалроқ Қодиров Украина томонда жанг қилаётган чеченлар ҳақидаги маълумот учун миллион доллар ваъда қилганди. Шунингдек, у украиналик ҳарбийлар олдида 2 та танлов борлигини айтди.

Bugun — LIVE