Сиёсат - 20:46 · 29.04.2022

Шавкат Мирзиёев Япония ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ушбу ташриф Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил ҳамда стратегик шериклик ўрнатилганига 20 йил тўладиган йилда ўтмоқда. Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Токиога 2019 йил декабрь ойида амалга оширилган олий даражали ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб, ҳамкорликни аниқ мазмун билан бойитгани катта мамнуният билан қайд этилган.

Кейинги йилларда қўшма корхона ва лойиҳалар сони, шу жумладан Ўзбекистонда энергетика ва туризм инфратузилмасини, юқори технологик саноатни ривожлантиришга Япония етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилиш орқали бир неча баробар кўпайди.

Япониянинг ривожланиш ва ҳамкорлик институтларининг молиявий маблағлари иштирокидаги қўшма дастурлар портфели 7 миллиард доллардан ошган.

Ўзаро савдо ҳажми, энг аввало, талаб юқори бўлган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги турларини етказиб бериш ҳисобига ошиб бормоқда.

Мамлакатда ўзаро ҳамкорликдаги таълим лойиҳаси – Тошкент шаҳридаги Рақамли университет муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Давлат раҳбари олий даражадаги самарали мулоқотларни давом эттириш муҳим эканлигига алоҳида тўхталди ҳамда Япония Бош вазири Фумио Кисидага Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш таклифини яна бир бор тасдиқлаган.

«Марказий Осиё + Япония» форматидаги конструктив минтақавий ҳамкорликни, энг аввало, иқтисодий ўзаро боғлиқлик, муқобил энергетика ва экология соҳаларида мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирилдган.

Ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяси Япония ҳукумати Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Шунингдек, мамлакатимизнинг Афғонистонда бардавом тинчликни таъминлаш ва ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 25 апрель куни «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш учун Россия делегацияси бошчилигида мамлакатимизда бўлиб турган Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуровни қабул қилганди. Шунингдек, Президент Беларусь делегациясига бошчилик қилаётган Беларусь бош вазири Роман Головченко билан учрашганди.