Жаҳон - 19:56 · 29.04.2022

Тожикистонда аҳолининг деярли 100 фоизи ковидга қарши эмланди

Тожикистонда 5,2 миллиондан ортиқ одам коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозасини олди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бу бўйича маълумот берган. 27 апрель ҳолатига кўра, 5 миллион 210 мингдан ортиқ киши COVID-19’га қарши эмланган, бу мамлакат аҳолисининг 93,1 фоизини ташкил этади. Шифокорлар мамлакат фуқароларининг 5,53 миллион нафари ёки 90,3 фоизи вакцинанинг иккинчи дозасини олганини айтган.

«Мамлакатнинг катта ёшли аҳолисининг 2,19 миллиони ёки 36,1 фоизи ковидга қарши қайта эмланган», дейилади Тожикистон ССВ хабарида.

Маълум учун, мамлакатда 18 ёшдан ошганларнинг ковидга қарши эмланиши мажбурий этиб белгиланган.  Вакцина мамлакат фуқароларига бепул тақдим этилади. Тожикистонда аҳоли «AstraZeneca», «CoronaVac», «Moderna», «Pfizer» ва «Спутник V» билан эмланиши мумкин.

Аввалроқ Тожикистонда коронавирус чекловлари олиб ташланганди.