Жаҳон - 0:32 · 30.04.2022

Байден россиялик олигархларнинг мулкини Украинага ўтказишни қўллаб-қувватлади

Байден маъмурияти россиялик олигархларнинг мулкини мусодара қилишга ҳуқуқ берувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси Оқ уй томонидан Конгрессга юборилган. Конгресснинг ҳар икки палатасининг қонун чиқарувчилари уни қўллаб-қувватлаган. Бироқ, фуқаролик эркинлигини ҳимоя қилувчилар қонун лойиҳалари АҚШ конституциясига зид бўлиши мумкинлигини айтган. Маъмурият бу муаммони қандай ҳал қилмоқчи экани ҳозирча аниқ эмас.

Таъкидланишича, янги қонун лойиҳаси давлат департаменти ва молия, савдо ҳамда адлия вазирликлари ўртасидаги ҳаракатларни мувофиқлаштиришни назарда тутади.

«Пакет доирасида Россия олигархлари билан боғлиқ мулкни мусодара қилиш бўйича янги ваколатлар белгиланади. Бу ҳукуматга тушган маблағларни Украинани қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тегишли воситаларини янада кучайтиришга йўналтириш имконини беради», дейилади Оқ уй баёнотида.

Шунингдек, баёнотда федерал ғазна аллақачон россиялик олигархларга алоқадор бўлган 1 миллиард доллардан ортиққа баҳоланган кема ва самолётларни мусодара қилгани, банклардаги юзлаб миллион долларларни музлатиб қўйгани келтирилган.

Аввалроқ Жо Байден Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини геноцид деб атаганди. Шунингдек, у Россия кемаларининг АҚШ портларига киришини тақиқлаганди.