Жамият - 0:30 · 30.04.2022

Британия Европага 8 мингга яқин ҳарбий юборади

Британия ҳарбий машғулотларда қатнашиш учун Европага 8 мингга яқин аскар юборади. Бу ҳақда «Sky News» хабар берди.

Фото: «AP»

Маълум қилинишича, Британия контингентини жойлаштириш апрелдан июнгача бўлган даврда фаоллашади.

«Машғулотлар давомида бизнинг ҳарбийлар NATO иттифоқчилари ва ҳамкорлари ҳамда Қўшма экспедиция кучлари билан бирлашади. Улар Совуқ урушдан кейинги энг йирик қўшма маневрларда кучларини намойиш қилади», — деган Британия мудофаа вазири Бен Уоллес.

Қуруқликдаги қўшинлардан ташқари, Финляндиядан Шимолий Македониягача бўлган мамлакатларда Британиянинг ўнлаб танклари ва 100 дан ортиқ зирҳли жанговар машиналари жойлаштирилади. Мамлакатнинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони, генерал-лейтенант Ральф Вудисс машғулотлардан асосий мақсадни «Россия агрессиясини тўхтатиш» деб атаган.

Аввалроқ NATO Россиянинг альянс мамлакатларига эҳтимолий ҳужумига тайёрланаётганди. Шунингдек, альянс кемалари ҳарбий машғулотлар учун Болтиқ денгизига кирганди.