Жамият - 21:03 · 30.04.2022

Бугун оқшоми. Афғонистонга юборилган гуманитар ёрдам, «Толибон»га қайтарилмайдиган самолётлар, бошқа давлатларни парадга чақирмаган Россия

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Энди расман: Ўзбекистонда Рамазон Ҳайити 2 май куни нишонланади. 3-4 май кунлари қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланди.

Фото: «Bugun.uz»

Президентнинг «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2 май — душанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, мамлакатда 2022 йил 2 май куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу фармон билан 2022 йил 3-4 май кунлари (сешанба ва чоршанба) қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланди. Шу тариқа ҳафтасига 5 иш куни режимида ишлайдиганлар Ҳайит арафаси ва ундан кейинги дам олишларни ҳисобласа, кетма кет 5 кун дам олган бўлади. 6 иш кунлик ходимлар улардан 1 кун кам дам олади.

Айтганча, Рамазон ҳайити байрами муносабати билан Тошкент метрополитени тонгги соат 04:00 дан кеч соат 00:00 гача ишлайди.

Пойтахтнинг Шайхонтохур тумани прокурори Сирдарё вилоятига кўчирилди. 

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Санжар Мавлонов Сирдарё вилоятига прокурор этиб тайинланди. У бунга қадар Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани прокурори лавозимида фаолият олиб борган. У шу даврда Президент фармони билан «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган.

Эксклюзив: Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборди. Bugun.uz мухбири бутун жараёнда қатнашди.

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридан 30 апрель куни Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. «Bugun.uz» мухбирининг аниқлик киритишича, 58 та вагондан иборат бўлган. Гуманитар ёрдам Термиз шаҳридаги «Айритом» чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатга юборилган. Мухбиримиз ҳам у билан бирга йўл олди.

Афғонистонга юборилган инсонпарварлик ёрдами таркибида қуйидагилар ўрин олган:

  • ун маҳсулоти – 1000 тонна;
  • икра – 12 минг дона;
  • шоколад, печенье – 9679 қути;
  • мураббо – 161 506 банка;
  • дори-дармон – 70 000 қадоқда;
  • вакцина – 100 минг дона;
  • ковид-тест – 100 минг дона;
  • кийим-кечак – 20 минг дона;
  • ёғ – 10 тонна;
  • лапша маҳсулоти – 6600 қути;
  • дори-дармон – 103 716 дона;
  • буғдой – 2000 тонна.

Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев Рамазон ҳайити муносабати билан юборилган инсонпарварлик ёрдамини топшириб, Шавкат Мирзиёевнинг афғон халқига тилакларини етказди.

«Bugun.uz» мухбирининг қўшимча қилишича, Ўзбекистон томонидан юборилган инсонпарварлик ёрдамини Забибуллоҳ Мужоҳид бошчилигидаги делегация қабул қилиб олди.

Шунингдек, гуманитар ёрдам топшириш давомида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳам нутқ сўзлади.

Афғонистон бўйича яна бир муҳим хабар: Ўзбекистон афғон самолёти ва вертолётларини «Толибон»га қайтармайди.

Ўзбекистонга собиқ афғон учувчилари томонидан олиб ўтилган самолёт ва вертолётлар «Толибон» ҳаракатига қайтарилмайди. Бу ҳақда президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев «Америка овози»га маълум қилди.

Фото: «Aamaj News»

Эргашевнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳукумати авиатехника учун пул тўлаган ва Афғонистон собиқ ҳукуматига вақтинчалик фойдаланиш учун топширган. Ҳозирда афғон ҳарбийлари чегарани бузиб ўтгани юзасидан суд бошланган. Суд жараёни тугаганидан сўнг АҚШ Ўзбекистон ва Тожикистондан техникаларни олиб чиқиб кетади. Шунингдек, расмий жараён Ўзбекистон суди ҳукмига биноан қарор қилиниши, лекин воситаларни олиб кетиш Америка ихтиёрида эканини айтган.

«Кўпгина учувчилар Афғонистондан қочиб ўтишди. Уларнинг Ўзбекистонга келиши ғайриқонуний эди. Улар мамлакатнинг ҳаво чегарасини бузиб, рухсатсиз кирган. Бу албатта жиноий жавобгарликка тортиладиган нарса ва бунга қарши жиноий иш қўзғатилган. Уларнинг учиб келган воситалари қамоққа олинган. Ҳолат юзасидан суд қарори чиқарилиши керак. Шундан сўнг АҚШ мазкур авиатехникани олиб кетади. Чунки Америка ҳукуматининг берган расмий мактубига биноан, мазкур самолёт ва вертолётлар уларнинг мулки. Шунинг учун Вашинтон уларни ўрганиб, кўриб чиқмоқда. Ўйлайманки, текширувдан кейин учоқлар Ўзбекистон, Тожикистондан ҳам олиб чиқиб кетилади», — дейди Исматилла Эргашев.

Дипломат ҳолат юзасидан суд жараёни нима учун кўп вақт олаётганига ҳам изоҳ берган.

«Бу оддий жараён эмас. Ҳамма томондан ўрганиб чиқилиши керак. Ўйлайманки, бу албатта ҳал этилади. Учоқларнинг тақдири бу АҚШдир», — дея таъкидлаган расмий.

Жараён қизиқ. Дипломатия қизиқ. Кузатамиз иккисини ҳам. «Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов икки мавзуни бирлаштириб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz»/ Ҳабибулло Мўйдинов

Хўш, оламда нима гап?

Россия хорижий давлат раҳбарларини парадга таклиф қилмади (ҳайр(ий)атки).

Фото: «Sputnik»

Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, бу фақат Россиянинг ғалабаси, бу руслар учун муқаддас ғалаба.

«Биз Ғалаба кунига ҳеч қандай хорижий давлат раҳбарларини таклиф қилмадик. Гап шундаки, бу юбилей сана эмас. Байрам бизники, бу бутун Россия, барча руслар учун муқаддас байрам. Лекин чет эл раҳбарларини таклиф қилмадик», — деган у.

Шунингдек, Беларусь президенти Александр Лукашенконинг келиши эҳтимоли ҳақидаги саволга Песков бундай ташриф режалаштирилмаганини айтган.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 77 йиллигига бағишланган парадда 11 минг нафар ҳарбий хизматчи, 131 та қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника, шунингдек, 77 та самолёт ва вертолётлар иштирок этади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.