Илм-фан - 21:35 · 30.04.2022

Коронавирус ва шизофрения ўртасидаги боғлиқлик маълум қилинди

Россиялик психолог Слава Донин коронавирус ва шизофрения ўртасида боғлиқлик борлигини айтди. Бу ҳақда «URA.ru» хабар берди.

Фото: «Panacea»

Мутахассис коронавирус ташвиш ҳисси ва депрессиянинг ривожланишига ҳам олиб келиши мумкинлигини айтган.

«Коронавирус инфекциясининг ўзи шизофренияга олиб келмайди, лекин у касаллик намоён бўлишини тезлаштиради. Ҳолат одам сунъий нафас олиш аппаратида бўлиб, ҳаёти учун курашган бўлса юзага келади. Шунингдек, бу даврда бемор кучли стрессни бошдан кечириши, унинг миясига кислород етиб бориши қийинлашиши мумкин», — дейди психолог.

Дониннинг таъкидлашича, вирус қандайдир тарзда миянинг кислород етишмаслиги ва заҳарланиш билан боғлиқ. Шунинг учун инфекцияга чалинган беморларда неврологик ва психиатрик касалликлар пайдо бўлиши ёки кучайиши мумкин.

Маълумот ўрнида, шизофрения — руҳий фаолиятнинг заифлашуви ва руҳий жараёнлар равонлигинингинг бузилиши билан намоён бўладиган касаллик.

Аввалроқ коронавируснинг юракка таъсири бўйича маълумот берилганди. Шунингдек, ковидга чалинганларда кексаликда учрайдиган касаллик эрта ривожланиши аниқланган.