Жаҳон - 22:05 · 30.04.2022

Ўққа тутилган Донецк, украиналик ветеранларга пул берадиган Путин ва ҳайкали олиб ташланган Пушкин

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 30 апрель куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Reuters»

Украинадаги уруш пайтида жами 6 минг 134 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган ёки яраланган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.

Маълумотларига кўра, 29 апрель ҳолатига тинч аҳоли вакилларидан 2 минг 899 киши ҳалок бўлган, яна 3 минг 235 киши яраланган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирби Россия президенти Владимир Путиннинг Украина бўйича ҳаракатларини «шафқатсиз» ва «коррупцион» деб атади.

«Баъзи суратларга қараб, ҳар қандай эҳтиёткор, жиддий, етук раҳбар бундай қила олишини тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун мен унинг психологияси ҳақида гапира олмайман, лекин менимча, биз ҳаммамиз унинг бузуқлиги ҳақида гапиришимиз мумкин», — деган Пентагон вакили брифингда.

Кирбининг қўшимча қилишича, Украинадаги нацизмга қарши кураш ҳақидаги баёнотлар Россия ҳарбийлари қилаётган ишларга мос келмайди. «Бу риторикани унинг Украинада қилаётган ишлари билан боғлаш қийин: бегуноҳ одамларнинг бошига ўқ узилмоқда, қўллари орқасига боғланган, ҳомиладор аёллар ўлдирилмоқда, шифохоналар бомбардимон қилинмоқда. Айтмоқчиманки, бу шунчаки виждонсизлик» — деган АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили.

Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов Жон Кирбининг нутқини шарҳлаб, Пентагон вакили «қўпол ҳақоратларга берилиб, америкалик зобитнинг қадр-қимматини йўқотди», —деган.

Украинанинг Донецк вилояти Россия армияси томонидан ўққа тутилиши натижасида бир суткада тўрт нафар тинч аҳоли вакили, жумладан бир нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Донецк вилояти полицияси хабар берди.

Департамент, шунингдек, саккиз нафар тинч аҳоли, жумладан, болалар яраланганини қайд этган. Таъкидланишича, 12 та аҳоли пункти ўққа тутилган бўлиб, жами 36 та фуқаролик объекти, жумладан мактаб, шифохона ва турар-жой бинолари зарар кўрган.

Рус қўшинлари томонидан қўлга олинган Бердянск шаҳрида пенсия ва иш ҳақини рублда беришга ўтишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Нашр аввалроқ Россиядан келган ҳарбийлар Украина байроқларини олиб ташлаб, ҳарбий комендантларни тайинлаб, гривнани рубльга алмаштиришга уринаётгани ҳақида хабар берганди.

Анжелина Жоли Украинанинг Львов шаҳрига келгани айтилмоқда. Актрисанинг шаҳарда юргани акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Видеоларда Жоли қаҳвахоналардан бирига киргани ва одамлар билан гаплашаётганини кўриш мумкин. Маълумот ўрнида, актриса Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар масаласи бўйича элчиси ҳисобланади.

Россия «Украина назорати остидаги» ҳудудларда яшаётган «Улуғ Ватан» уруши фахрийларига 10 минг рубльдан пул тарқатади. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакат раҳбари Владимир Путин бу бўйича тегишли фармонни имзолаган.

Украинанинг Чернигов шаҳридаги Александр Пушкин ҳайкали демонтаж қилинди. Бу ҳақда «Страна» хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳайкални олиб ташлаш ишлари полиция назорати остида мудофаа кучлари томонидан амалга оширилган.

Фото: «Страна»

Шоирнинг бюсти сақлаш учун маҳаллий музейга топширилган. Ёдгорлик Чернигов марказидаги боғлардан бирида 121 йил давомида ўз ўрнида турган.