Сиёсат - 15:35 · 30.04.2022

Ўзбекистон афғон самолёти ва вертолётларини «Толибон»га қайтармайди

Ўзбекистонга собиқ афғон учувчилари томонидан олиб ўтилган самолёт ва вертолётлар «Толибон» ҳаракатига қайтарилмайди. Бу ҳақда президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев «Америка овози»га маълум қилди.

Фото: «Aamaj News»

Эргашевнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳукумати авиатехника учун пул тўлаган ва Афғонистон собиқ ҳукуматига вақтинчалик фойдаланиш учун топширган. Сиёсатчи афғон самолётлари Ўзбекистонга кирган пайт чегарада бўлиб, воқеанинг бевосита иштирокчисига айланганини айтган.

«Кўпгина учувчилар Афғонистондан қочиб ўтишди. Уларнинг Ўзбекистонга келиши ғайриқонуний эди. Улар мамлакатнинг ҳаво чегарасини бузиб, рухсатсиз кирган. Бу албатта жиноий жавобгарликка тортиладиган нарса ва бунга қарши жиноий иш қўзғатилган. Уларнинг учиб келган воситалари қамоққа олинган. Ҳолат юзасидан суд қарори чиқарилиши керак. Шундан сўнг АҚШ мазкур авиатехникани олиб кетади. Чунки Америка ҳукуматининг берган расмий мактубига биноан, мазкур самолёт ва вертолётлар уларнинг мулки. Шунинг учун Вашинтон уларни ўрганиб, кўриб чиқмоқда. Ўйлайманки, текширувдан кейин учоқлар Ўзбекистон, Тожикистондан ҳам олиб чиқиб кетилади», — дейди Исматилла Эргашев.

Шунингдек, расмий жараён Ўзбекистон суди ҳукмига биноан қарор қилиниши, лекин воситаларни олиб кетиш Америка ихтиёрида эканини айтган.

«Авиатехника суд қарорига асосан озод этилгач, улардан қай мақсадда фойдаланиш АҚШнинг иши», — дейди Афғонистон бўйича махсус вакил. Эргашев «Толибон» томонидан самолёт ва вертолётларни қайтариш бўйича Ўзбекистонга мурожаат бўлганини тасдиқлаган. Сиёсатчи улар билан учрашиб масалага ойдинлик киритганини айтган.

«Биринчидан, жиноят иши қўзғатилган. Ҳамма учоқлар қамоққа олинган, фақатгина суд қарори билан у озод этилиши мумкин. Иккинчидан, АҚШ расмий мурожаатига кўра, ҳамма учоқлар уларнинг пулига сотиб олинган ва вақтинчалик Афғонистон ҳарбий кучларига берилган. Собиқ Ашраф Ғани ҳукумати бунга бир доллар ҳам сарфламаган. Биз мазкур маълумотни ‘Толибон’га етказдик. Улар авиатехникани бир қисмини қайтариш иложи борми? деб мурожаат қилди».

Дипломат ҳолат юзасидан суд жараёни нима учун кўп вақт олаётганига ҳам изоҳ берган.

«Бу оддий жараён эмас. Ҳамма томондан ўрганиб чиқилиши керак. Ўйлайманки, бу албатта ҳал этилади. Учоқларнинг тақдири бу АҚШдир», — дея таъкидлаган расмий.

Аввалроқ «Толибон» Ўзбекистонни афғон самолёт ва вертолётларини қайтаришга чақирганди. Шундан сўнг, АҚШ Афғонистон ҳарбий вертолётларини Украинага бериши ҳақида хабар берилган. Пентагон Ўзбекистондаги афғон самолёт ва вертолётлари «Толибон»га қайтарилмаслигини маълум қилган. «Толибон» эса Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб қочилган вертолётларни музокаралар йўли билан қайтаришга ҳаракат қилаётганини билдирган.