Ўзбекистон расмийлари Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини топширди — видео
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридан 30 апрель куни Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдами жўнатилганди. «Bugun.uz» мухбири Ўзбекистон расмийлари биродар халққа инсонпарварлик ёрдамини топширганини маълум қилди.

Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев Рамазон ҳайити муносабати билан юборилган инсонпарварлик ёрдамини топшириб, Шавкат Мирзиёевнинг афғон халқига тилакларини етказди.
Шунингдек, гуманитар ёрдам топшириш давомида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳам нутқ сўзлади.
«Президентимиз номидан оғир кунларни бошдан кечираётган афғон халқига ҳайит муносабати билан инсонпарварлик ёрдами олиб келдик», — дейди у.
«Bugun.uz» мухбирининг қўшимча қилишича, Ўзбекистон томонидан юборилган инсонпарварлик ёрдамини Забибуллоҳ Мужоҳид бошчилигидаги делегация қабул қилиб олди.





Аввалроқ Афғонистонга юборилган инсонпарварлик ёрдами таркиби бўйича маълумот берилганди. Гуманитар ёрдам поездида минг тонна ун, 2 минг тонна буғдой, 5 вагон гуруч, 2 вагон бақлажон икра, шоколад ва печенье, мураббо ҳамда дори-дармон мавжуд.