Жамият - 18:11 · 30.04.2022

Ўзбекистонда Рамазон ҳайитини нишонлаш куни белгиланди

Шавкат Мирзиёев «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Президент қарори билан, Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2 май – душанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, мамлакатимизда 2022 йил 2 май куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланади.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ҳайити халқнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширади.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда ўзбекистонлкилар учун Рамазон ҳайити кунларида зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларини ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратади. Миллий телерадиокомпанияси,  Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилади.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш бош вазир Абдулла Арипов ва Президентнинг маслаҳатчиси Музаффар Комилов зиммасига юкланди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити арафасида 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонни имзолагани ҳақида хабар берилганди.