Президентнинг махсус вакили Афғонистонга юборилган гуманитар ёрдам мақсадини айтди — видео
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридан 30 апрель куни Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдами жўнатилганди. Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили ҳамда Сурхондарё ҳокими юборилган гуманитар ёрдам ва томонлар ўртасидаги алоқаларга тўхталди, деб хабар берди «Bugun.uz» мухбири.

Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили гуманитар ёрдам Президент томонидан юборилгани ҳамда давлат раҳбарининг мамлакатда тинчлик бўлиши тарафдори эканини айтган.
«Бугун мен Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили сифатида яна бир бор биродар афғон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини олиб келдим. Шуни таъкидлаб айтиш керакки, Ўзбекистон халқи номидан келтирилган кўмак шахсан Ўзбекистон раҳбари, ҳурматли Шавкат Мирзиёев томонидан юборилди. Бу билан Президентимиз афғон халқига ўзининг муҳаббатини намоён этиб, мамлакатда тез орада тинчлик ва хотиржамлик ўрнатилиши тарафдори эканини айтди.
Президентимизнинг ҳар бир қилаётган ишлари Афғонистонга тинчликни келтиришдир. Бечора афғон халқи 40 йилдан сўнг оромлик топсин, жамият тараққиётга юз тутсин, иқтисод юксалсин ва Оллоҳ уларнинг ҳақ-ҳуқуқини Рамазон кунларида берсин. Амударёнинг икки соҳилида яшайдиган халқ бир-бири билан дўстликда, яхши қўшничиликда яшасин. Президентимизнинг мақсадлари ҳам шу», — дейди Исматулла Эргашев.
Шунингдек, делегация таркибидаги Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов эса давлат раҳбарининг Афғонистон бўйича сиёсатига тўхталди.
«Ҳозирги оғир даврда Президентимиз томонидан ҳайит байрами олдидан юборилган инсонпарварлик ёрдамини олиб келдик. Битта дарёнинг бўйида яшайдиган халқмиз, урф-одатимиз, ҳаммаси биргаликда бўлиши керак.
Мамлакатда ҳам тинчлик бўлиши зарур. Давлатимиз раҳбари катта-катта минбарларда, ҳаттоки БМТда ҳам Афғонистонда тинчлик бўлиш кераклиги ҳақида гапирдилар. Тинчлик бўлса, иқтисод ҳам юради, саноат ҳам юради», — дейди Тўра Боболов.
Аввалроқ Афғонистонга юборилган инсонпарварлик ёрдами таркиби бўйича маълумот берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон расмийлари гуманитар ёрдамни топшириш жараёнидан видеорепортаж эълон қилинган.