Рейтинглар - 22:40 · 30.04.2022

Рейтинг. 2005 йил яққол пешқадам: ўзбекистонликлар энг кўп кўчиб кетган йиллар

Давлат сатистика қўмитаси тақдим этган маълумотларга қараганда, 2022 йил бошидан 1 апрелгача Ўзбекистондан кўчиб кетганлар сони 1,2 минг кишига етди. 2021 йилда мамлакатдан бошқа давлатларга кўчиб кетганлар сони 20 140 нафарни ташкил қилган бўлса, сўнгги 20 йил ичидаги ушбу кўрсаткич 1,1 миллион нафардан ошади.

Фото: «Bugun.uz»

Келинг, бугунги рейтингимизда XXI аср дебочаси — 2000 йилдан то ҳозирга қадар Ўзбекистондан кўчиб кетиш энг кўп кузатилган йиллар ҳақида гаплашамиз. Эсингизда бўлса, аввалроқ ёшлар қаерга «сураётгани» ҳақида ёзгандик, ушбу мақоладан аввал ёки кейин уни ҳам бир ўқиб қўйишни тавсия қиламиз.

1. 2005 йил. Мазкур йилда Ўзбекистондан 10 4991 киши бошқа чет давлатларга кўчиб кетган. Бу сўнгги 21 йил ичида кўчиб кетишлар кўрсаткичининг қарийб 10 фоизи демакдир. Ушбу йилда биргина Тошкент шаҳрини 23,8 минг киши тарк этган. Таққослаш учун, 2019 йилдаги бутун республика миқёсида кўчиб кетиш кўрсаткичи 13,2 минг нафарга тенгдир.

2. 2004 йил. Бу йилда Ўзбекистонни жами 95 481 киши тарк этди. Кўчиб кетиш кўрсаткичларининг энг юқори нуқталари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти саналади. Энг кам кўрсаткич эса Андижон вилоятининг улушига тўғри келиб, 2004 йилда вилоятни атиги 725 киши тарк этган. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, сўнгги 21 йил ичида Андижондан кўчиб кетганлар сони бор йўғи минг нафар атрофидадир.

3. 2003 йил. Ушбу йилда республикадан жами 95 228 нафар аҳоли кўчиб кетган. Бу 2004 йилдаги кўрсаткич билан деярли тенгдир ва мазкур йилда ҳам Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва вилояти кўчиб кетиш суратлари бўйича пешқадам ҳисобланади. Шу уч маъмурий бирликни 2003 йилда тарк этганлар сони 57,5 минг нафарни ташкил қилади.

4. 2002 йил. Бу йилда Ўзбекистонни 86 558 киши тарк этди. Энг кам аҳоли кўчиб кетган ҳудуд Наманган вилояти ҳисобланиб, унинг улушига бор йўғи 885 киши тўғри келади.

5. 2001 йил. Сезган бўлсангиз, рейтинг аввалидан бошлаб йиллар кетма кетликда ортга суриляпти. Бу 2000–2005 йиллар – атиги 5 йил оралиғида Ўзбекистон ярим миллион атрофидаги аҳолисини четга «кузатгани»ни кўрсатади. 2001 йилда республикамизни 79 537 нафар фуқаро тарк этди.

Фото: «Bugun.uz»

6. 2006 йил. Мазкур йилда Ўзбекистондан 67 323 киши бошқа давлатга кетган. Шундан қарийб 16 минг нафари биргина Қорақалпоғистон Республикаси улушига тўғри келади.

7. 2007 йил. Ушбу йилда 66 207 киши Ўзбекистондан чет давлатларга кетди. 2007 йилда Тошкент шаҳридан кўчиб кетганлар сони (12 459 нафар) 2020 йилда бутун бошли Ўзбекистонни тарк этганлар сони билан деярли тенгдир.

8. 2000 йил. XXI аср дебочасида мамлакатдан жами 62 545 киши бошқа давлатларга кўчиб кетди. Бу кўрсаткич сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистонни тарк этганларнинг умумий сонига яқиндир.

9. 2009 йил. 2009 йилда мамлакатимизни 52 186 киши тарк этди, шундан 11 111 нафари Тошкент вилояти ҳисобига тўғри келди.

10. 2008 йил. Бу йилда Ўзбекистонни 51 236 киши тарк этди. Шунингдек, мазкур йилда Қашқадарё вилоятидан кўчиб кетганлар сони атиги 299 кишини ташкил қилади. Умуман олганда ҳам, мазкур вилоятда кўчиб кетиш кўрсаткичлари у қадар ҳам баланд эмас.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, рейтингимиздан фақат XXI асрнинг илк ўн йиллиги жой олди, бу йиллар ичида Ўзбекистонни жуда кўп аҳолисини ташкил қилади. Қашқадарё, Наманган ва Андижон каби вилоятларда кўчиб кетиш кўрсаткичлари доим паст бўлган, Қорақалпоғистон, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига нисбатан эса бу таърифнинг тескарисини қўллаш мумкин.

Яна шуни таъкидлаш керакки, сўнгги 5 йилда, хусусан, 2019–2020 йилларда Ўзбекистондан кўчиб кетганлар сони кескин камайган (13 минг нафар атрофида). Бу мамлакатда содир бўлаётган ислоҳотлар мевасими ёки ковид туфайли юзага келган ҳолат, бу ҳақида айтиш қийин.

Фото: «Bugun.uz»

2021 йилда Ўзбекистонни доимий яшаш жойи сифатида тарк этганлар сони 20 140 нафарни ташкил этди. 2022 йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакатдан 1,2 минг киши кўчиб кетганини ҳисобга олсак, бу йил Ўзбекистоннинг XXI аср тарихидаги энг кам кўчиб кетиш ҳолатлари қайд қилинган йил бўладиган кўринади. Йил якунида бу мавзуга қайтамиз.