Жаҳон, Иқтисод - 17:30 · 30.04.2022

Россия Украинага учирган ракеталар нархи маълум қилинди

Россия Украинага уруш бошланганидан бери 1300 тага яқин ракета учирди, уларнинг умумий қиймати тахминан 7,5 миллиард долларни ташкил қилади. Бу ҳақда «Forbes» хабар берди.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр мазкур маълумотни эълон қилган. Россия Украинага тахминан 235 та «Калибри» ракетасини (24 мартгача 183 та, 26 март куни 52 та ракета) учиргани таъкидланган. Ҳисоб-китобда ракета синфи аниқ бўлган ҳолатлар инобатга олинган, аслида учирилган «Калибр» ракетлари кўп бўлиши мумкинлиги айтилган.

«Искандер«, «Точка-У» ракеталари ва Х синфидаги ўқ-дориларга келсак, улардан фойдаланиш бўйича аниқ статистик маълумотлар йўқ, аммо Украина Мудофаа вазири 24 март ҳолатига кўра қуйидагича маълумот берган:

  • ракеталарининг 62 фоизи «Искандар»га;
  • 30 фоиз Х синфга;ғ
  • 8 фоиз «Точка-У»га тўғри келади.

2006 йилда Ҳиндистон билан тузилган экспорт шартномасига кўра, «Точка-У» ракетасининг нархи 300 минг долларга, «Калибр» эса 6,5 миллион долларга баҳоланган. Х-101 синфидаги ракеталар «Калибр»га қараганда замонавийроқ, шу сабабли экспертлар у бир неча баробар қимматроқ бўлишини айтган.

«Украинага учирилган ракеталарнинг умумий қиймати 7,5 миллиард долларни ташкил этади. Таққослаш учун, бу миқдор Россиянинг Москва, Москва вилояти ва Санкт-Петербургдан ташқари 82 та субектининг маҳаллий бюджетидан ошади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Украинанинг урушдан кўрган зарар миқдори маълум қилинганди. Шунингдек, Путиннинг Украина бўйича режалари ҳақида хабар берилган.