Жаҳон - 9:40 · 30.04.2022

Россия хорижий давлат раҳбарларини парадга таклиф қилмади

Россия Ғалаба куни ўтказиладиган ҳарбий парадга хорижий давлат раҳбарларини таклиф қилмади. Бу ҳақда мамлакат президенти матбуот котиби Дмитрий Песков хабар берди.

Фото: «Sputnik»

«Биз Ғалаба кунига ҳеч қандай хорижий давлат раҳбарларини таклиф қилмадик. Гап шундаки, бу юбилей сана эмас. Байрам бизники, бу бутун Россия, барча руслар учун муқаддас байрам. Лекин чет эл раҳбарларини таклиф қилмадик», — деган у.

Шунингдек, Беларусь президенти Александр Лукашенконинг келиши эҳтимоли ҳақидаги саволга Песков бундай ташриф режалаштирилмаганини айтган.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 77 йиллигига бағишланган парадда 11 минг нафар ҳарбий хизматчи, 131 та қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника, шунингдек, 77 та самолёт ва вертолётлар иштирок этади.

Аввалроқ Ўзбекистон бўйлаб 9 май куни ҳарбий парадлар ўтказилмаслиги маълум қилинганди. Шунингдек, Қозоғистонда ҳам ҳарбий парад бўлмаслиги хабар қилинган.