Жаҳон - 0:29 · 30.04.2022

Шимолий Корея Пунгери ядро полигонини қайта қуришга киришди

Шимолий Корея қуролли кучлари Пунгери ядро полигонини тиклашга киришди. Бу ҳақда «38 North» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Ҳамген провинциясидаги Килжу объектида Жанубий портал деб аталган 3-сонли туннеллар мажмуасига кириш йўли қурилмоқда. Мазкур жараённинг сунъий йўлдошдан олинган сурати эълон қилинган. Туннелга кириш жойи 2018 йилда вайроналар билан тўсиб қўйилган ва уни очишга уриниш бўлмаган.

Фото: «CNES»

«Янги портал ташқарисидаги майдон текисланган. Майдоннинг шарқий қисмида кичик ёрдамчи бино қуриб битказилган. Туннель мажмуаси яқинида жами саккизта янги иншоот қурилган. Тасвирда акс этган қоронғи объектлар кон ускуналари ва материаллари бўлиши мумкин», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ким Чен Ин Шимолий Корея ҳар қандай душманни йўқ қилишини айтганди. Шунингдек, мамлакат ядро синовларини қайта тиклаганди.