Жаҳон - 0:28 · 30.04.2022

Шри-Ланкада аҳоли президент истеъфосини талаб қилди — видео

Шри-Ланканинг Амбалангода шаҳри аҳолиси 28 апрель куни ўтказилган митингда президент Готабая Ражапаксадан истеъфога чиқишни талаб қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Toronto Star»

Маълум қилинишича, митингда шаҳар шифокорлари ва тадбиркорлар иштирок этган. Намойишчилар президентнинг истеъфосини талаб қилиб кўчаларга чиққан. Ҳозирда мамлакат 1948 йилда мустақилликка эришганидан бери энг ёмон иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Бунга хорижий валюта танқислиги сабаб бўлган, натижада мамлакат етарли миқдорда ёқилғи сотиб ололмаяпти.

COVID-19 пандемияси оролнинг асосий валюта манбаи бўлган туризм секторига кескин зарба берган ва чет элда ишлайдиган шри-ланкаликларнинг пул ўтказмалари ҳам камайган. Мамлакатда озиқ-овқат, ёқилғи ва газ тақчиллиги кескин сезилмоқда. Шри-Ланканинг кўплаб ҳудудларида ёқилғи импорти учун валюта етишмаслиги сабабли 13 соатгача электр таъминотида узилиш кузатилган. Мамлакатда дори-дармонларнинг кескин танқислиги сабабли соғлиқни сақлашда фавқулодда вазият юзага келган ва бу бутун мамлакат бўйлаб касалхоналарни ёпиш хавфини келтириб чиқармоқда.

Аввалроқ Шри-Ланка президенти қариндошларини ҳукумат лавозимидан бўшатганди. Шунингдек, мамлакатда дунёдаги энг катта қимматбаҳо тош топилганди.