Жамият, Колумнистлар, Таҳлил - 20:05 · 30.04.2022

Тирбандликлар мавзуси: биз яна бутун дунё қилган хатони такрорлаяпмиз

Бутун дунёда XXI асрга келиб ёндашув ўзгарган (ёки ўзгараётган) бир мавзу бор — «пробкалар».

XX аср охири ва XXI аср бошига келиб автомобилга эгалик қилувчи аҳоли улуши кўплаб мамлакатларда кескин ошди. Мазкур тенденция Ўзбекистон шаҳарларини, хусусан, Тошкентни ҳам четлаб ўтмади. 29 апрель куни бу муаммога Шавкат Мирзиёев ҳам эътибор қаратганини таъкидлаб ўтиш керак. Ҳар ҳолда давлат раҳбари йўлни кенгайтириш билан тирбандлик муаммосини ҳал этиб бўлмаслигини, жамоат транспортига устунлик бериш кераклигини ҳамда бу дунё тажрибаси эканини таъкидлаётгани одамда умид уйғотади.

Пойтахт йўлларидаги тиқилинчларга қарши қандай чора кўриш мумкин? Дунё мамлакатлари бунга қарши қандай курашган? Мазкур мақолада шу ҳақида гаплашамиз.

Фото: «Bugun.uz»

«Пробка»лар масаласи анчадан буён Тошкентнинг оғриқли мавзусига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Пойтахт кўчаларида оддий кунлардаги ишга бориш ва ундан қайтишда кузатиладиган тирбандликдан тортиб, ноқулай об-ҳаво шароити ва талабаларнинг пойтахтга оммавий кириб чиқадиган байрам кунларида кузатиладиган тиқилинч бунга мисол бўла олади.

Аслини олганда шаҳарда ҳозирдан бундай тирбандликлар юзага келаётгани масъулларни транспорт инфратузилмаси чуқур қайта кўриб чиқишга ундаши керак. Сабаби, Ўзбекистонда ҳар 1000 нафар доимий аҳолига ўртача атиги 87 та енгил автомобил тўғри келади. Wikipedia маълумотларига кўра, дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида бу кўрсаткич Ўзбекистондагидан баланд. Хусусан, АҚШда бу рақам 816 тани, Германияда 574 тани, қўшни Қозоғистонда 207 тани ташкил этади.

Ўзбекистонда автомобил савдоси монополлашгани ва мазкур бозорда носоғлом иқтисодий муносабатлар мавжудлиги сабаб ҳозирча аҳолининг кўрчилик қисми арзон нархда импорт автомобиллар харид қилолмайди. Лекин агар Президент келгусида импорт автомобилларга божлар босқичма-босқич тушурилишини таъкидлаганини ҳисобга олсак, яқин келажакда Ўзбекистонда ва хусусан Тошкентда машиналар сони кўпаяди.

Фото: «Bugun.uz»

Ривожланган мамлакатларнинг барчасида тирбанликларга қарши ўзига хос курашиш услублари мавжуд. Лекин уларнинг барчаси бир масалда якдил — барча одамлар автомобилда ҳаракатланадиган шаҳар яхши шаҳар бўлмайди.

Бизда йўллар қурилишини лойиҳалаштиришда деярли барча амалдорлар бир хил хато қилади. Улар машина ҳаракатланадиган (ҳа, тўғри ўқидингиз, дунёда машина ҳаракатланмайдиган кўчалар мавжуд) кўчада ҳаракат қаторлари сонини оширсак тирбандликлар муаммосидан қутуламиз деб ўйлашади. Аслида эса бундай эмас. Кўчаларни кенгайтириш шунчаки кўпроқ одамнинг машина ҳайдашига олиб келади. Ва охир оқибатда ҳаммаси яна ўз холига қайтади.

Тирбандликлар ҳақида гапирганда нисбатан маълумот кўпроқ бўлган, картинани тасаввур қилиш мумкин бўлган Тошкентни мисол сифатида ўрганиш мумкин.

2010–2020 йиллар оралиғида шаҳарда автомобиллар сони 250 мингтадан 510 мингтага кўпайган, яъни 2 баравар ошган. 500 дан зиёд катта чорраҳалар мавжуд бўлиб, уларнинг 200 тасида транспорт воситаларини тезкор ўтказиш даражаси паст. Шаҳар жамоат транспортида бор-йўғи 21 фоиз йўловчи ҳаракатланади. Сўнгги беш йилда пойтахт аҳолиси 300 минг нафарга кўпайган, ҳудуди ҳам кенгайган. Бундан ташқари, ҳар куни бир миллиондан ортиқ одам келиб-кетади. Айни вақтда кўчаларни кенгайтириш ва автомобилларга кўпроқ майдонлар беришдек амалиёт давом этмоқда.

Скрин: Яндекс

Кўпроқ ва кенгроқ йўллар қуриш муаммоларимизга ечим бўлади деган қараш фақат Тошкентга тегишли эмас. Бундай хатони яқин тарихда кўплаб шаҳар маъмурлари қилиб келган. Лекин бу амалиёт иш бермаган. Қанчалик кўп йўллар қурилганига қарамай, улар «пробка»ларни камайтириш ўрнига кўпроқ одамларнинг машина минишига сабаб бўлган. Масалан, Калифорнияда 1997 йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, янги йўлларнинг қурилиши ортидан машинада юришга талабнинг ортиши атиги беш йил ичида магистраль йўл ўтказувчанлигидаги ҳар қандай ўсишининг 90 фоизини бефойда ҳаракатга айлантиради.

Айнан шундай хатони шартли Россия ва АҚШ шаҳарларининг раҳбарлари ҳам қайта ва қайта қилган ва қилиб келмоқда. Масалан 2010 йил ва 2020 йиллар оралиғида Россия пойтахти Москвада 1000 километрдан ортиқ йўл қурилган. Лекин шунга қарамай шаҳарда йилдан-йилга «пробка»лар камайиш ўрнига кўпайди.

Россиянинг қатор бошқа шаҳарларида ҳудди АҚШда (ва афсуски бизда ҳам) бўлгани каби трамвай йўналишлари камайтирилган ёки бутунлай йўқ қилинган. Уларнинг ўрнига камроқ одам ташийдиган ва нисбатан ҳавфлироқ ҳамда ноқулайроқ бўлган автобуслар қатнай бошлаган. Оқибатда бу шаҳарларда жамоат транспорти фалажланган.

Бундай вазиятда бир савол пайдо бўлади: нега етарлича йўллар қуриб автомобиллар учун қулай шаҳарни қуришнинг имкони йўқ? Нега бу ишни ҳатто АҚШда уддалай олишмади? Жавоб оддий: барча шаҳарликларнинг автомобил йўлларига бўлган еҳтиёжини қондириш шунчаки имконсиз.

Фото: «Bugun.uz»

2020 йил Американинг «Trasnportation for America» жамоатчилик ташкилоти 25 йил ичида АҚШнинг 100 та энг катта шаҳрида қурилган йўллар узунлигини таҳлил қилиб чиқди. Ва буни мазкур шаҳарлардаги аҳоли сонининг ошиши ҳамда тирбандликларда кутиб қолиш вақти билан солиштирди.

Ташкилотнинг таҳлиллари шуни кўрсатдики, агар аҳоли сони ошишига мутаносиб равишда йўллар кенгайтирилса ва янги йўллар қурилаверса, тирбандлик даражаси фақат ошади, тескариси эмас. Агар магистраллар сони аҳоли сонига нисбатан тезроқ ошса, бу ҳам тирбандлик даражаси ошишига олиб келади. Энг қизиғи, автомагистраллар сони аҳоли сонидан секинроқ кўпайиши ҳам тирбандлик даражаси ошишига олиб келади.

Биргина мисол: ҳисобот даврида, Миссисипи штатидаги Жексон шаҳри йўллари узунлиги 71 фоизга ошган. Аҳоли сони эса деярли ўзгармаган. Натижа эса қуйидагича: шаҳарда тирбандлик даражаси 3 баравардан кўпроққа ошган (317 фоиз).

Бундан қандай ҳулоса қилиш мумкин? Ўзбекистондаги шаҳарларда ҳам йўллар қуриш ва уларни кенгайтириш тирбандликни камайтирмайди.

Фото: «Flickr»

Қандай қилиб бунақа бўлиши мумкин дерсиз. Ҳамма гап мавжуд бўлмаган талабни уйғотишда. Яъни янги йўллар қурилганидан кейин одамлар кўпроқ машина сотиб олади ва унда кўпроқ саёҳат қилади.

Фото: «Flickr»

Хўш, ечим нима? Баъзи йўл ҳаракати режалаштирувчилари тирбандликни енгиллаштириш учун яхшиланган жамоат транспортига пул тикишмоқда. Бир нечта шаҳарлар маълум кунларда автомобилларни ҳайдашни тақиқлаш, масалан, жуфт ёки тоқ рақамлар билан тугайдиган рақамлари бўлган машиналарни кун ора минишни жорий этиш каби нозик усулларга ҳам мурожаат қилинмоқда.

Лекин Канададаги Виктория транспорт сиёсати институти ходими Тодд Литман таъкидлаганидек: «Узоқ муддатли келажакда ягона самарали эчим бу муқобил усулларни — пиёда, велосипед ва айниқса жамоат транспортидан фойдаланувчилар учун юқори сифатли инфратузулмани таклиф этишдир».

Дунё тажрибасида тирбандликлар билан курашишнинг қандай усуллари мавжуд?

Турли мамлакатлар тирбандликлар билан турлича курашади. Масалан Голландияда, барча учун ҳавфсиз ва қулай бўлган инфратузилма яратиш учун велосипед ҳайдовчиларга катта эътибор берилган. Сабаби, тирбандлик муаммосидан қутулиш учун юқорида айтилганидек автомобилга муқобил бўлган транспорт турлари учун шароит яратиш керак. Нега одамлар шартли Амстердамда велосипед ҳайдайдию, лекин Тошкентда бундай қилмайди?

Сабаби оддий: Тошкентда велосипед ҳайдаш ноқулай ва ҳавфли. Велосипедчиларга шароит яратиш деганда биз, олдинги мақолада айтилганидек, шунчаки пиёдалар йўлагининг бир қисмини бўяб қўйишни тушунмаслигимиз керак. Одамлар велосипед минишга оммавий равишда ўтиши учун, уларга алоҳида, йўлнинг пиёдалар ва машиналар қатнайдиган қисмидан ажратилган, исталган жойда тугаб қолмайдиган, узлуксиз йўлаклар қурилиши керак.

Бундай қилиш мумкинлигини дунёнинг кўплаб шаҳарлари, хусусан, Амстердам аллақачон исботлаб берган. Бу мамлакатдаги велосипедчиларга яратилган шароит ҳақида бу ерда батафсил ўқишингиз мумкин.

Яна бир вариант, Тошкентга тезроқ трамвайни қайтариш ҳисобланади. Қайтирилганда ҳам аввалгиданда каттароқ ҳажмда ишлай оладиган қилиб қайтариш керак бўлади. Йўналишлари, сиғими ва қатновдаги оралиқ вақтлари тўғри қўйилган трамвай кўплаб одамларнинг автомобилларга камроқ мурожаат қилишига сабабчи бўлиши мумкин.

Кадр: YouTube / Аркадий Гершман

Яъни жамоат транспортини режалаштираётганда йўлнинг қанча машинани ўтказа олишига эмас, қанча одамни ўтказа олишига урғуни қаратиш керак.

Соатига 1000 нафар автомобилда ҳаракатланадиган одамлар ўтадиган йўлдан кўра, соатига 100 нафар машинада, 1000 нафар автобусда ва яна 500 нафар трамвайда ҳаракатланадиган одамлар ўтадиган йўл қуриш фойдалироқ ҳисобланади.

Шунингдек, пойтахт метросининг ҳаракат таркибларини янгилашни тезлаштириш керак. Метрога тушган одам, кейинги поезд қачон келишини аниқ билиши ҳам бу ерда муҳим ўрин тутади. Сабаби одамлар йўлда қанча вақт йўқотиши номаълум бўлган транспортдан, агар мажбур бўлмаса фойдаланмайди.

Йўлдаги тирбандлик ҳақида гап кетганда яна бир нарсани эътиборга олиб қўйиш керак: «пробка»лар нафақат одамларни асабийлаштиради, балки улар ҳавонинг ифлосланишига ҳам сабаб бўлади ва бу нафақат иқлим учун, балки, барчанинг саломатлиги учун ёмон.

Мисол учун, Гарвард Рискларни таҳлил қилиш маркази тадқиқотчиларининг фикрига кўра, АҚШдаги 83 та энг йирик шаҳарлардаги тирбандлик 2010 йилда 2200 дан ортиқ эрта ўлимга олиб келган ва соғлиқни сақлаш харажатлари 18 миллиард долларга ошишига сабаб бўлган. Афтидан, Тошкент ва умуман Ўзбекистонда «пробка»ларнинг бу жиҳатига ҳали эътибор ҳам қаратилмаяпти.

Бундан ташқари, тирбандликларнинг иқтисодий ҳаражатлари ҳам мавжуд. Машинада ишга кетаётган минглаб одамлар қиймат яратиши мумкин бўлган соатларини тирбандликлар сабаб ҳавога учириши мумкин. АҚШ энг тирбанд бўлган 10 та шаҳрида ҳайдовчилар ҳар йили тирбандликда тахминан 42 соат ўтириб, вақт ва ёқилғи учун 121 миллиард доллардан ортиқ маблағни беҳуда сарфлашади.

Фото: «Bellona»

Қисқа қилиб айтганда, Тошкентда тирбандликларни бартараф этиш бўйича бутун дунё қилган хатоларни такрорламасдан чоралар кўриш мумкин. Фақат бир нарсани ёдда сақлаш керак: муаммони ҳал қилиш учун нафақат нима қилиш ҳақида, балки, нима қилмаслик ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Ҳар ҳолда баъзи яхши ниятдаги ҳаракатлар тескари натижа берганини, қош қўяман деб кўз чиқарилганини кўп кўрганмиз. Бундан ташқари, юқорида таъкидлаганимиздек, давлат раҳбарининг йўлни кенгайтириш билан тирбандлик муаммоси ҳал бўлиб қолмаслигини таъкидлагани умид уйғотади.

Баҳодир Абдуллаев тайёрлади