Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида сел келиш хавфи эълон қилинди
Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси Хатлон ва Сўғд вилоятларининг бир қатор тоғли ҳудудларида сел келиш ва тош тушиш хавфини эълон қилди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.
Фото: «Serep.kg»
Маълум қилинишича, кўчки, сел ва тош тушиши хавфи 3–4 май кунлари сақланиб қолади.
«Бундан ташқари, тоғ ва тоғолди дарёлари сатҳининг кўтарилиши, тош тушиши ва кўчкилар, яшин уриши хавфи ортиб бормоқда», дейилади хабарда.
Шу сабабли аҳолидан тоғларда сайр қилмаслик, доривор гиёҳлар термаслик, балиқ овлаш ва ов қилишдан имкон қадар тийилиш сўралган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг сел келиши кутилаётган ҳудудлари эълон қилинганди. Шунингдек, Тожикистоннинг Сурхондарё билан чегарадош қисмида 2 йигит сел келиши оқибатида ҳалок бўлганди.