Жамият - 8:39 · 01.05.2022

Ўзбекистон ҳарбий дронлари Афғонистон ҳаво ҳудудини бузиб ўтгани хабар қилинди — видео

Ўзбекистоннинг учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари Афғонистон ҳаво ҳудудини бузиб ўтгани хабар қилинди. Мудофаа вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга тегишли учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари Афғонистон ҳаво маконини бузиб ўтгани ҳақида хабарлар тарқалган.

«Бу каби тарқатилаётган хабарлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан қўшни давлатлар ҳаво маконини бузиш ҳолатлари бўлмаган. Шунингдек, Ўзбекистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари қўшни давлатлар авиацияси томонидан мамлакатимиз ҳаво маконининг бузилиш ҳолатларини қайд этмаган. Мудофаа вазирлигининг учувчисиз бошқариладиган, қирувчи ва ишғол авиацияси қатъий белгиланган тартибда жанговар навбатчилик ўтамоқда.

Аввалроқ Термиз шаҳри атрофида Ўзбекистон ҳарбийлари Афғонистон ҳудудидан ракеталар билан ўққа тутилгани айтилди. Президент матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот берганди.

Маълум қилинишича, айрим Telegram каналлар томонидан Термиз шаҳри атрофида Ўзбекистон ҳарбийлари Афғонистон ҳудудидан ракеталар билан ўққа тутилгани тўғрисида тарқатилаётган хабарлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.

«Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Чегара қўшинлари берган маълумотга кўра, Ўзбекистон–Афғонистон чегарасида ҳеч қандай ҳарбий фаоллик кузатилмаяпти, вазият барқарор», дейилади хабарда.