Жамият - 14:10 · 01.05.2022

Ўзбекистонда айрим тоифа шифокорларга қўшимча устама тўланади

Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорларига қўшимча устама тўланади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан давлат тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорларини рағбатлантириш йўлга қўйилган.

Унга кўра, мазкур тизим халқаро рейтингларда тиббиёт йўналишида биринчи 200 таликка кирган олий ўқув юртларининг клиник ординатура (резидентура), магистратура мутахассислигини тамомлаган ва фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган тиббиёт ходимларига татбиқ этилади. Номзодлар томонидан аризалар муассасанинг кадрлар бўлимига топширилади.

Ҳужжатлар навбатдаги босқичда вазирликнинг Фан ва таълим бошқармаси томонидан кўриб чиқилгач, вазир буйруғи орқали рағбатлантирилади. Номзодларнинг лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча устама вазир буйруғи чиққан кундан бошлаб бир йил давомида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг қуйидаги бараварида белгиланади:

  • клиник ординатура (резидентура), магистратура мутахассислигини тамомлаган тиббиёт ходимига – етти баравари;
  • фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган тиббиёт ходимига – ўн беш баравари.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йилда айрим тоифадаги ўқитувчи ва шифокорларнинг маоши камида 15 фоизга оширилиши маълум қилинганди. 2022 йилда иқтидорли ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақини малака тоифасига қараб табақалаштирган ҳолда қуйидаги миқдорларда қўшимча ошириш режалаштирилган:

  • олий тоифали ўқитувчилар учун – камида 15 фоизга;
  • биринчи тоифали ўқитувчилар ҳамда олий ва биринчи тоифадаги шифокорлар учун – камида 10 фоизга;
  • иккинчи тоифали ўқитувчи ва шифокорлар учун – камида 5 фоизга.