Жамият - 16:12 · 01.05.2022

Ўзбекистонда ғамхўрлик кўрсатишнинг янги тизими орқали қанча аҳолига кўмак берилгани маълум бўлди

Ғамхўрлик сўзи ҳар биримизнинг қалбимиздан чуқур ўрин эгаллаган ва ва кунлик ҳаётида ўзи сезмаган ҳолда тет-тез бажариб турадиган эзгу амалларидан бири ҳисобланади. Ҳар биримиз оиламиз, маҳалладошларимиз, таниш-билишларга ва умуман бизга етти ёт бегона бўлганларга ҳам ғамхўрлик қиламиз, уларга ёрдамимизни аямаймиз.

Фото: «Bugun.uz»

Бу хислат ота-боболаримиздан қолган миллий қадрият, яъни бебаҳо мерос. Қудратли саркарда Амир Темур тузган қудратли давлатни шу даражада юксалиши негизида ғамхўрлик ётади. Масалан, Амир Темур ҳар бир фуқаронинг ёнида яшовчи қўшнисига ғамхўр бўлишини истаган. У, башарти қўшниси қийналиб, уйларини таъмирлай олмаса ёки моддий жиҳатдан қийналиб қолса, имкони борича бир бўлак нонини ҳам қўшниси билан баҳам кўришни маслаҳат берган.

Бу каби қадриятларимиз давлат сиёсати даражасида бўлиб, биз барпо этаётган халқпарвар ва адолатли давлатнинг асосий хусусият́ига айланмоқда. Шу мақсадда 2022 йилга «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб ном берилди. Шу мақсадда ҳар бир ҳудуд кесимида камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадини ошириш бўйича алоҳида-алоҳида дастурлар қабул қилинмоқда.

Энг муҳими, фуқароларимиз ва фарзандаримизга ғамхўрлик кўрсатиш бўйича янги тизим яратилди. Бугун «темир дафтар», «ёшлар» ва «аёллар» дафтарлари, «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига кўмак берилди.

«Меҳрибонлик уйлари»даги 1,5 мингга яқин ўғил-қизларимиз оилаларга олинди, 116 та оилавий уйлар ташкил қилиниб, 700 га яқин фарзандларимиз ота-она бағрида вояга етиши учун шароит яратилди. Бунинг ҳисобига, 10 та «Меҳрибонлик уйи», 4 та «Болалар шаҳарчаси» ва 2 та «Болалар уйлари» ёпилди. Бундай амаллардан фахрлансак арзийди. Эътибор беринг, 35 мингга яқин парваришга муҳтож болаларнинг оналарига 500 минг сўм нафақа тўлаш жорий этилди. Бундай тизим бизда илгари бўлмаган.

Шунингдек, ишга қабул қилинган болаликдан ногирон ҳамда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ойлигининг 2,5 миллион сўмгача қисми даромад солиғидан озод қилинди. Бунинг натижасида ҳар ойда ногиронлиги бўлган ишловчи шахслар ихтиёрида ўртача 160 минг сўмдан қўшимча маблағ қолмоқда. Иш берувчиларга улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси бюджетдан тўлиқ қайтариб берилмоқда.

Бугунги ижтимойи сиёсатдаги туб ўзгариш ва жараёнларни ҳайбатли мевали дарахтга ўхшатиш мумкин. Унинг улуғворлиги у ўсиб вояга етган унумдор заминга боғлиқдир. Ўзгаларга соя берар, ўзи эса офтобда турар, ва у, ўзи учун эмас, бошқаларнинг ҳузур-ҳаловати учун мева берар экан. Бундай дарахнинг умри чинордек узоқ бўлиши ҳақиқатдир.

Ф. Х. Усарова

ЎзР Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбeкистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-мeтодик марказ директори в.б., сиёсий фанлар номзоди, доцент