Жамият - 12:05 · 01.05.2022

Ўзбекистонда тиббиёт олийгоҳи талабалари учун вазир стипендияси жорий этилди

Ўзбекистонда тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари учун «Соғлиқни сақлаш вазири стипендияси» таъсис этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, бу ҳақда вазирнинг тегишли буйруғи қабул қилинган. Унга кўра мазкур стипендия бакалавриат ва магистратура босқичида таҳсил олаётган ёшларга берилади. У ҳар бир тиббиёт олий таълим муассасасининг 5 нафаргача номзодига бир йил мобайнида ажратилади.

Ушбу стипендияга номзодларни саралаш ҳақидаги эълон танлов ўтказилишидан камида 1 ой олдин матбуотда эълон қилинади. Номзодлар томонидан аризалар мавжуд 11 та тиббиёт олий ўқув юртининг «Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими»га тақдим этилади.

Ҳужжатлар навбатдаги босқичда вазирликнинг Фан ва таълим бошқармаси томонидан кўриб чиқилгач, вазир буйруғи асосида берилади. Стипендия миқдори Ибн Сино номидаги давлат стипендияси миқдорига тенглаштирилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев қарори билан «Заковат» стипендияси жорий этилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида иқтидорли ёшларни рағбатлантириш мақсадида «Ҳоким стипендияси» жорий этилгани ҳамда Ўзбекистон ОТМларида «Президент гранти» стипендияси ва «Қизлар учун махсус стипендия» жорий этилиши хабар берилганди.