Жамият, Қашқадарё - 18:55 · 01.05.2022

Қарши тумани собиқ ҳокими қамоққа олингани рад этилди

Қарши туманининг собиқ ҳокими Мақсуда Мустафоева қамоққа олингани рад этилди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: «Nasafnews»

Маълум қилинишича, Қарши туманининг собиқ  ҳокими айбланиб, қамоққа олингани ҳақида ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотлар тарқатилган.

Маълумотларига кўра, туман прокуратураси томонидан 4 миллиард 198 миллион сўм миқдоридаги субсидия маблағлари талон-торож қилингани ҳолати бўйича туман ҳокими собиқ ўринбосари, қишлоқ хўжалиги ва ирригация бўлимлари бошлиқлари жами 3 нафар шахс Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддалари (Мансаб сохтакорлиги) билан айбланиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мазкур жиноят иши бўйича Қарши туманининг собиқ ҳокими М.Мустафоева айбланувчи сифатида жалб қилинмаган.

Маълумот ўрнида, 2020 йил март ойидан буён Қарши туманини бошқариб келган Мақсуда Мустафоева 2022 йил 6 февраль куни ишдан кетган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоевани интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори қабул қилинганди.