Жаҳон - 9:09 · 01.05.2022

Россия АҚШнинг рус олигархлари мулкини мусодара қилиш режасини баҳолади

АҚШнинг рус олигархлари мол-мулкини мусодара қилиш ва ундан тушган маблағни Украинага ёрдам сифатида йўналтириш режаси хавфли прецедент ҳисобланади. Бу ҳақда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Фото: «BBC»

«Бу ҳар қандай ҳуқуқий нормаларни, тушунчаларни бузадиган ўта хавфли прецедентдир. Бу хусусий мулкни оддий экспроприация қилиш (давлат ҳокимияти томонидан мажбурий равишда ҳақини тўлаб ёки тўламасдан мулкдан маҳрум қилиш) ва уни сохта қонунийлаштиришга уринишдан бошқа нарса эмас», — деган Песков.

Шунингдек, у АҚШнинг бу ҳаракатлари хусусий мулк соҳасида «барча умумэътироф этилган асослар ҳозир қанчалик заиф эканини» кўрсатишини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Байден маъмурияти россиялик олигархларнинг мулкини мусодара қилишга ҳуқуқ берувчи қонун лойиҳасини маъқуллаганди. Бироқ бу АҚШ Конситутциясига зид экани таъкидланган. Шунга қарамай, федерал ғазна аллақачон россиялик олигархларга алоқадор бўлган 1 миллиард доллардан ортиққа баҳоланган кема ва самолётларни мусодара қилган, банклардаги юзлаб миллион долларларни музлатиб қўйган.