Жаҳон - 23:00 · 01.05.2022

Россияга қарши ЕИни қўллаб-қувватлаган Германия, Киевга келган АҚШ Вакиллар палатаси спикери, июнь ойида бериладиган номзодлик мақоми

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 1 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Reuters»

Зеленский Киевда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерини қабул қилди

Украина президенти Владимир Зеленский Киевда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси билан учрашди. Президент девони маълумотларига кўра, Зеленский Киевга ленд-лизинг асосида қурол етказиб бериш ва Украинага 33 миллиард доллар миқдорида янги молиявий ёрдам пакетини ажратиш тўғрисидаги қарор муҳимлигини қайд этган.

«Давлатимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга кўрсатган ёрдамингиз учун ташаккур!» деб ёзган Зеленский ўзининг Telegram каналида. Унинг қайд этишича, АҚШ Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича етакчи ҳисобланади.

Пелоси, ўз навбатида, бугунги кунда Украина озодлик учун қаҳрамонларча курашаётганини ва АҚШ бу кураш тугамагунча унга ёрдам беришга тайёрлигини айтган. Украина-Америка давлатлараро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, суверен, мустақил ва демократик Украинани қўллаб-қувватлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун Владимир Зеленский Нэнси Пелосини княгиня Ольга ордени билан тақдирлаган.

Германия Россиядан нефт импортига эмбаргони қўллаб-қувватлашини маълум қилди

Германия ҳукумати Россияга қарши олтинчи санкциялар тўплами бўйича сўнгги музокаралар чоғида Европа Иттифоқининг Россия нефтини импорт қилишни тақиқлаш режаларини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда «DPA» нашрига Европа Иттифоқидаги дипломатик манбалар хабар берди.

Маълум қилинишича, Германиянинг позицияси Иқтисодий ишлар ва иқлимни муҳофаза қилиш вазири Роберт Хабек мамлакатнинг Россия нефт импортига қарамлиги Украинада «махсус операция» бошланишидан олдинги 35 фоиздан 12 фоизга камайганини айтганидан кейин ўзгарган.

Украина ЕИ аъзолигига номзод мақомини июнь ойида олади

Украина бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари Ольга Стефанишина Украина июнь ойида Европа Иттифоқига номзод сифатида аъзолик мақомини олишини айтди.

«Европа Иттифоқи аъзолари яна учрашганда, бу июн ойида бўлади, Украинага номзод мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинишини кутмоқдамиз», — деган у.

Британия Украинага қурол етказиб беришни оширишда давом этади

Британия ҳукумати Украинага қурол ва ҳарбий техника етказиб бериш ҳажмини оширади. Бу ҳақда Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқоти якунлари бўйича баёнотида айтилди.

«Жонсон Буюк Британия украиналикларнинг ўзларини ҳимоя қилишлари учун зарур бўлган жиҳозларга эга бўлишини таъминлаш учун қўшимча ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этишини тасдиқлади», дейилади Британия Бош вазирининг идораси баёнотида.

25 апрел куни Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес Украинага «Starstreak» ракеталари, кемага қарши ракеталар ва юқори технологияли ўқ-дорилар билан жиҳозланган 250 та «Stormer » ўзиюрар зенит қуролларини топшириш режасини эълон қилганди. Лондон Киевга юқори технологияли « Brimstone» ракеталарини юбориши ҳам очиқланган. Бен Уоллеснинг сўзларига кўра, берилган қуролларнинг умумий қиймати тахминан 130 миллион долларни ташкил қилади.

Донбассдан Россияга келган қочқинлар сони 1 миллиондан ошди

Россиянинг Миллий мудофаа назорати маркази раҳбари Михаил Мизинцев Украинада “ҳарбий амалиётлар” бошланганидан буён Донецк ва Луганск дан 1 миллион 62 минг 692 киши эвакуация қилингани, улардан 192 минг 688 нафари болалар эканини маълум қилди.

Қочқинларнинг аксарияти саккизта вилоятда жойлашган: Волгоград, Воронеж, Курск, Орел, Пенза, Ростов, Саратов ва Ульяновск.

БМТ маълумотларига кўра, 24 апрел ҳолатига кўра, икки ой ичида 5,2 миллион фуқаро Украинани тарк этган. Қўшни Украина давлатлари 4,6 миллиондан ортиқ қочқинни қабул қилган.