Жамият, Самарқанд - 16:48 · 01.05.2022

Самарқандда «Микрокредитбанк» раҳбари пора билан қўлга тушди

Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида «Микрокредитбанк» раҳбари пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Фото: Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган.

Жараёнда «Микрокредитбанк» Самарқанд филиали раҳбари 1982 йилда туғилган Б.Ҳ Самарқанд шаҳридаги МЧЖга 2 миллиард сўм кредит ажратиб бериш эвазига тадбиркордан 10 000 доллар пора талаб қилиб, олдиндан 4000 доллар пул олгани аниқланган.

Тадбир давомида банк раҳбари қолган 6000 доллар пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ҳозирда мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 8 кишининг хабардорлигисиз 156,3 миллион сўм кредит ажратиб, «еб» юборган собиқ банк ходими ушланганди. Шунингдек, Сурхондарёда МЧЖ раҳбари «Алоқабанк»нинг 220 минг доллар кредитини «еб» юборгани ҳақида хабар берилганди.