Жаҳон - 19:34 · 01.05.2022

Украина полицияси Буча яқинида яна бир оммавий қабр топди — видео

Украина полицияси Буча шаҳри яқинида яна бир оммавий қабр топилганини маълум қилди. Бу ҳақда «Meduza» хабар берди.

Кадр: YouTube

Полиция маълумотларига кўра, 29 апрель куни Мироцкое қишлоғи яқинидаги ўрмонда (Буча шаҳридан 9 километр узоқликда) уч эркакнинг жасади топилган. Украина Ички ишлар вазирлиги қабрларни «оммавий» деб атамоқда, ҳозирча ҳудудда қанча одам дафн этилгани аниқ эмас. Полиция воқеа жойида тасвирга олинган видеони эълон қилган.

Қайд этилишича, дафн этилган одамлар ўлимидан олдин калтакланган ва қийноққа солинган. Уларнинг қўллари ва кўзлари боғланган, баъзиларининг оғзига мато парчаси тиқиб қўйилган. Бундан ташқари, қурбонлар танасининг турли қисмларида ўқ жароҳатлари борлиги аниқланган. «Қийноқларнинг охирида ҳар бир эркакнинг қулоғига ўқ узилган», — дейди вилоят полицияси бошлиғи Андрей Небитов.

Ҳаммаси бўлиб, Киев вилояти ҳудудида, полиция маълумотларига кўра, терговчилар россиялик ҳарбийлар томонидан ўлдирилгани тахмин қилинган 1202 нафар тинч аҳолининг жасадини топган.

Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан кейин Буча ва Киев вилоятининг бошқа шаҳарлари рус қўшинлари назоратига ўтган. Россия қўшинлари минтақани тарк этгач, шаҳарларда ҳалок бўлган тинч аҳолининг жасадлари топила бошлаган. Хусусан, Бучада, 23 апрель куни шаҳар ҳокимиятига кўра, 412 кишининг жасади топилган, аммо бу якуний маълумот эмас. Украина қотилликларда рус аскарларини айбламоқда. Аммо Россия қирғинларга алоқадорлигини рад этган.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский россиялик ҳарбийлар тарк этган Буча шаҳрига борганди.