Жамият, Хоразм - 23:58 · 01.05.2022

Хоразмда ўтказилган «Лазги» халқаро рақс фестивали қандай якунланди?

Хоразмда 25–30 апрель кунлари «Лазги» I халқаро рақс фестивали ўтказилди. Ушбу фестиваль давомида Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ташкил этилган пресс-турда «Bugun.uz» мухбири иштирок этди. Қуйида ушбу фестиваль ва унинг қандай бўлиб ўтгани ҳақида батафсил маълумот берамиз.

Фото: «Bugun.uz»

Мазкур фестиваль ва у доирасидаги халқаро илмий-амалий конференция Президентнинг 2020 йил 28 сентябрдаги қарорига асосан 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Хива шаҳрида ўтказилади.

Тантали кутиб олиш

Фестивалда қатнашиш учун 30 давлатдан 192 нафар иштирокчи ташриф буюрди. Илмий-амалий конференцияда 11 давлатдан 13 олим ва тадқиқотчилар иштирок этди. Иштирокчиларнинг чиқишлари 6 давлат вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан низом асосида баҳолаб борилди. Чет давлатдан меҳмон сифатида 7 давлатдан 7 нафар кузатувчи таклиф қилинди. Улар 26 апрель куни Урганч халқаро аэропортида лазги садолари билан тантанали кутиб олинди.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек, ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда журналистлар билан бирга, хорижлик ҳакамлар, кузатувчилар ва танлов иштирокчилари қатнашди. Журналистлар ва меҳмонлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Фото: «Bugun.uz»

Шундан сўнг кечки соатларда фестивалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов фестивални очиб бериб, давлат раҳбари табригини ўқиб эшиттирди.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Илмий конференция ва иштирокчилар репетицияси

Фестивалнинг иккинчи кунида кўрик-танлов иштирокчиларининг репитицияси, хореографлар билан давра суҳбати,«Хоразм лазги рақси: миллий рақсларнинг ривожланиши ва уларнинг ҳозирги даврдаги аҳамияти» I илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманни Маданият вазири Озодбек Назарбеков ўзининг нутқи билан очиб берди. Конференция давомида вазир лазгининг ЮНЕСКО рўйхатига киришида жонбозлик кўрсатган Гавҳар Матёқубовага Хореографлар академиясининг фахрий профессор унвонини топширди.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Фестивалда иштирок этиш учун Туркиядан келган хореография гуруҳи раҳбари Фатиҳнинг сўзларига кўра, улар уч хил рақс тайёрлаб келган.

«Биз ушбу фестивалда қатнашаётганимиздан, миллий рақсимизни халқаро майдонларда намойиш қилаётганимиздан жуда ҳам мамнунмиз. Бу фестиваль Туркия миллий рақсларини танитиш учун ҳам катта имконият деб ўйлайман. Гуруҳимиз билан «Зейбек», «Бурса Инагўл» ва «Ҳорон» рақсини тайёрлаб келганмиз», —  дейди  гуруҳ раҳбари.

Кўрик-танлов

Танловда иштирок этган гуруҳлар ҳақида кўп ҳам тўхталмаймиз, яхшиси, уларнинг рақси билан суратларда танишинг:

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz» / Ригина Маджитова
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz» / Ригина Маджитова

Тақдирлаш маросими

Танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдордаги пул мукофотлари билан тақдирланди:

«Гран-При»: Мукофот — 7 000 доллар — Дилноза Ортиқова (Ўзбекистон).

1-ўрин. Мукофот — 5 000 доллар (ҳар бир номинация учун):

  • «Энг яхши яккахон рақс ижрочиси» — Шерзод Кенжабоев (Ўзбекистон), Гулнур Кассимбек (Қозоғистон).
  • «Энг яхши рақс жамоаси» — Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг «Тумор» рақс ансамбли (Ўзбекистон).
  • «Энг яхши саҳналаштирилган рақс» — «Пирин» рақс жамоаси (Болгария).

2-ўрин. Мукофот — 3 000 доллар (ҳар бир номинация учун):

  • «Энг яхши яккахон рақс ижрочиси» — Нидхи Мисра (Ҳиндистон), Феруза Азатова (Ўзбекистон).
  • «Энг яхши рақс жамоаси» — Ўзбекистон давлат филармониясининг «Навбаҳор» ашула ва рақс ансамбли (Ўзбекистон), Фикрат Аминов номидаги Озарбайжон давлат ашула ва рақс ансамбли (Озарбайжон).
  • «Энг яхши саҳналаштирилган рақс» — Ўзбекистон давлат филармониясининг «Ўзбекистон» ашула ва рақс ансамбли (Ўзбекистон), «Зебо» ансамбли (Тожикистон).

3-ўрин. Мукофот — 2 000 доллар (ҳар бир номинация учун):

  • «Энг яхши яккахон рақс ижрочиси» — Нерея Фернандес (Испания), Кристина Коврова  ва Никита Груздев (Россия).
  • «Энг яхши рақс жамоаси» — «Шаттык» рақс ансамбли (Қозоғистон), «Инегол» халқ рақслари ансамбли (Туркия).
  • «Энг яхши саҳналаштирилган рақс» —  «Свети дорди» рақс жамоаси (Сербия), «Таннура» рақс жамоаси (Миср).

Фестиваль доирасида фаол ижрочилар уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган «Энг яхши рақс», «Энг яхши хореограф», «Энг яхши ёш раққоса (раққос)» каби номинациялар бўйича совға ва мукофотлар билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ, Шавкат Мирзиёев «Лазги» фестивали иштирокчиларига мурожаати ва Хивада «Лазги» халқаро фестивали бошлангани хабар қилинган эди.