Жаҳон - 10:05 · 01.05.2022

«Яхши ҳамки, бизда диктатура бор» — Лукашенко

Беларусь президенти Александр Лукашенко диктатуранинг демократиядан афзаллиги ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Фото: «БЕЛТА»

Лукашенко Европа Иттифоқи давлатлари байрам кунлари фуқароларини Беларусга визасиз режимда келишига тўсқинлик қилганини айтиб, ҳолатга изоҳ берган.

«Биз улар учун католик Пасха байрами олдидан чегарани очдик. Польша, Литва, Латвиядан одамлар қариндошларининг қабрларини зиёрат қилишсин деб, визасиз режим жорий қилдик. Улар эса фуқароларини Беларусга боришига тўсқинлик қилди. Нега? Чунки одамлар бизнинг мамлакатга туз сотиб олишга келади. Уларнинг тузи йўқ. Буюк, бой Ғарб, лекин тузсиз! Одамлар беларуслар нормал яшашини мамлакатига бориб айтмаслиги учун уларни келишига рухсат йўқ. Мана ўша демократия!», — деган Лукашенко.

Шуниндек, Беларусь раҳбари Чечерск шаҳри аҳолиси билан учрашувда диктатуранинг афзалликлари ҳақида тўхталиб ўтган.

«Яхши ҳамки, бизда диктатура бор. Ҳаммангиз мени диктатор деб танқид қилардингиз. Ваҳоланки, ушбу диктатурада тартиб бор. Агар диктатура бўлмаганида қашшоқ юрардик», — деган у.

Аввалроқ Лукашенко Беларусь ва Россия иттифоқ давлати қураётганини айтиб, унга СССРнинг бошқа давлатлари ҳам қўшилиши мумкинлигини айтган. Шунингдек, Совет Иттифоқининг қулашини фожиа деб атаган.