Жаҳон - 9:06 · 02.05.2022

Абхазияда 2 нафар ўзбекистонлик эркак йирик миқдордаги гиёҳванд моддалар савдосида гумонланиб ушланди

Абхазиянинг Сухум шаҳар суди ўта йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари билан савдо қилишда гумон қилинган уюшган гуруҳ аъзоларини ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда «Sputnik Абхазия» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, уюшган гуруҳ Қирғизистон фуқаролари Арууке Руслан қизи, Гулмира Жоошбоева ҳамда Ўзбекистон фуқаролари Камронмирзо Турсунқулов ва Саидолимхон Усмоновлардан иборат.

Дастлабки тергов маълумотларига кўра, улар гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ ўта оғир жиноятларни содир этиш мақсадида трансмиллий миқёсдаги гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш йўлларининг кенг тармоғини яратган. Сухуми шаҳар суди Арууке Руслан қизи ва Гулмира Жоошбоевага нисбатан эҳтиёт чораси сифатида 2022 йилнинг 13 июнига қадар ҳибсда сақлашни танлаган.

Камронмирзо Турсунқулов ва Саидолимхон Усмоновга нисбатан ҳам худди шундай қарор қабул қилинган — гумонланувчилар 13 июнга қадар ҳибсда сақланади.

Аввалроқ Россиянинг Тербунский туманида 1979 йилда туғилган ўзбекистонлик аёлда гиёҳванд модда аниқланганди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ИИБ ходимлари наркотик моддаларни олиб ўтишда гумонланган ўзбекистонлик эркакни қўлга олганди.