Жаҳон - 8:34 · 02.05.2022

АҚШда биринчи марта 11 сентябрь терактларини содир этганлар билан боғлиқ видео эълон қилинди

Американинг «CBS News» телеканали илк бор 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йоркдаги эгизак миноралар ва Вашингтондаги Пентагон биносига ҳужум уюштирган террорчилар акс этган видеони эълон қилди.

Фото: «Associated Press»

Видеолавҳа Британия суди қарори ортидан 11 сентябрь хуружлари қурбонлари оилаларига тақдим этилган. 20 соатдан ортиқ видео ва аудио ёзувлардан ташқари, жамоатчиликка 14 000 саҳифадан ортиқ ҳужжатларни кўриш имконияти ҳам берилган.

Келтирилишича, видео ҳужумлардан икки ҳафта ўтиб, Саудия Арабистони фуқароси Умар ал-Баюмийдан Англияда тортиб олинган. Кадрларда 2000 йил февраль ойида Сан-Диегодаги квартирада бўлган Наваф Ал-Ҳазми ва Холид Ал-Мидҳор кўрсатилган. Айнан мана шу одамлар кейинчалик Нью-Йорк, Пентагон ва Пенсилванияга уюштирилган ва оқибатда 3000 га яқин америкалик ҳалок бўлган ҳужумларни содир этган.

Ал-Баюмий ҳужумларни ташкиллаштиришда ёрдам берганликда гумон қилинган, бироқ кейинроқ қўйиб юборилган. «CBS News» Саудия Арабистони элчихонаси орқали у билан боғланишга уриниб кўрган, бироқ «Саудия Арабистонининг 11 сентябрь терактларига алоқадорлиги ҳақидаги ҳар қандай даъво мутлақо ёлғон» деган жавобни олган, холос.

Шунингдек, телеканал Федерал қидирув бюросига янги далиллар олингани муносабати билан Ал-Баюмийга қарши терговни қайта бошлаш имконияти юзасидан сўров юборган. Бюро эса изоҳ беришдан бош тортган.

Аввалроқ АҚШ Федерал қидирув бюроси ўзининг веб-сайтида президент Жо Байденнинг 2001 йил 11 сентябрь теракти ҳақидаги фармони бўйича махфийликдан чиқарилган ҳужжатларнинг биринчисини эълон қилганди. Шунингдек, АҚШда содир бўлган 11 сентябрь терактида омон қолган аёл ўша куни нима бўлганини айтиб берганди. Мазкур терактга оид илгари нашр этилмаган суратлар эълон қилинган. Ҳамда теракт қурбонларининг товон пули миқдори маълум қилинган.