Жамият - 21:01 · 02.05.2022

Ҳайит оқшоми. Тошкентда ўқилган Ийд Рамазон намози, асосий квотадан ажратилиши мумкин бўлган ОТМ имтиёзлари, Telegram’даги криптовалюта юбориш имконияти

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг Рамазон ҳайити байрамида тайёрланган махсус «Бугун оқшоми» дайжести.

«Bugun.uz» жамоаси барча мусулмонларни муқаддас айём — Рамазон ҳайити билан табриклайди.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Ҳар бирингизга соғ-саломатлик, синовли кунларда бирдамлик тилаймиз. Мамлакатдан тинчлик, хонадонингиздан эса қут-барака аримасин. Ҳайит айёми муборак бўлсин!

«Bugun.uz» таҳририяти

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Барчага маълумки, бугун республика бўйлаб Ийд Рамазон намози ўқилди. «Bugun.uz» фотомухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров пойтахтдаги Ҳазрати Имом масжидида бўлиб, байрам шукуҳини суратларга муҳирлади: Тошкент шаҳрида ўқилган ҳайит намози — суратларда.

Эксклюзив: Bugun.uz мухбири Афғонистонда бўлиб қайтди. Мухбиримиз биродар афғон халқига Ўзбекистон номидан юборилган инсонпарварлик ёрдамини топшириш жараёнида қатнашди. Ҳозирда у ерда олинган қисқа видео тайёр бўлди, кейинроқ фоторепортаж ҳам эълон қилинади, ҳозирча шуни кўриб туринг, бошқалари ҳақида албатта хабар берамиз.

Ва ниҳоят: Ўзбекистон ОТМларига киришда бериладиган имтиёзлар умумий квотадан ажратилиши мумкин.

Президентнинг тегишли қарори (унда коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш назарда тутилади) билан олий таълим муассасаларига кириш учун берилган имтиёзларни хатловдан ўтказиб, уларни қайта кўриб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек (ва энг асосийси), имтиёзларни ягона ҳужжатда қатъий рўйхатини шакллантириш ҳамда умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоида белгиланиши мумкин. Бунда муассасаларга ўқишга киришда имтиёзлар беришни тўлиқ рақамлаштириш ҳамда электрон платформа орқали амалга оширилишини йўлга қўйиш режалаштирилган. Шу билан бирга, ўқишга киришда имтиёзлар беришнинг шаффоф тартибини белгиланади (шундай бўлсин ҳам, бўлиши керак ҳам).

Шу жойида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовдан иқтибос келтиришни жоиз топдик: «Истисно ва имтиёзлар — кулранг схемалар ва коррупцион ҳолатлар учун айни муддао».

Ўзбекистонда 77 нафар болада камёб касаллик. Улар 6 ойлик бўлгунича даволанмаса, 2 ёшга етмасдан вафот этади.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг таъкидлашича, ушбу касаллик онанинг ҳомиладорлик вақтида болада вужудга келади. Уни 6 ой ичида даволаш зарур. Акс ҳолда, бундай беморларнинг тенг ярми 2 ёшга етгунича вафот этади.

Фото: «Kun.uz»

Вазир ўринбосари касаллик келиб чиқиши сабабларини ҳам айтиб ўтди: болаларнинг 24 фоизи қариндошлар ўртасидаги никоҳ оқибатида, 40 фоизи эса икки ва ундан кўп спинал мушак атрофияси билан туғилган болали оилалар ҳамда 36 фоизи ота ҳам, она ҳам ушбу ген ташувчиси бўлган оилаларда дунёга келган.

Шу пайтгача мамлакатда ушбу хасталикка чалинган беморлар учун (маблағ белгиланмагани туфайли) диагностика ва даволаш стандартлари, клиник протоколлар ишлаб чиқилмаган. Президентнинг тегишли қарори билан эндиликда спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган болалар давлат томонидан патогенетик дорилар, ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланади.

Ҳужжатда 1 июлдан бошлаб никоҳланувчилар ўз ҳисобидан Аҳоли репродуктив саломатлик марказининг филиаллари орқали молекуляргенетик тестдан ўтиши қайд этилган.

Эндиликда ўзбекистонликлар Россия ҳудудида рўйхатдан ўтмай 15 кунгача қолиши мумкин. Путин келишувни имзолади.

Фото: «Kremlin.ru»

Владимир Путин Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудида 15 кун регистрациясиз бўлиши тўғрисидаги келишувни ратификация қилди. Ўзбекистон фуқаролари эндиликда Россия ҳудудида рўйхатдан ўтмай туриб, 15 кунгача қолиши мумкин. Ушбу тартиб россиялик фуқароролар учун ҳам Ўзбекистонда амал қилади.

Исроил полицияси 49 ёшли ўзбекистонлик эркакни ҳибсга олди. У 95 ёшли аёлга ҳужум қилишда гумонланмоқда.

Фото: «Cursorinfo»

Исроил шимолида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 95 ёшли исроиллик аёлга ҳужум қилишда гумонланаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини қўлга олди. У мамлакатда кексаларга ғамхўрлик қилиш соҳасида ишлаган. Жабрланувчи унинг қарамоғидаги навбатдаги одам бўлган.

Хабар қилинишича, 49 ёшли гумонланувчи сўроқ қилиш учун қўлга олинган. Ишнинг қолган тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмаган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Telegram’да криптовалюта юбориш имконияти пайдо бўлди. Ҳозирча ундан фақатгина мессенжерга тегишли Toncoin юбориш мумкин.

Транзакциялар учун тўлов олинмайди, деб ёзмоқда бизга шерик «Kommers.uz». Улар берган хабарга кўра, трансфер Telegram Wallet боти ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Бу банк картаси билан криптовалюта сотиб олиш, уни алмаштириш ва бошқа ҳамёнларга юбориш имконини беради.

Бу функциядан ўзбекистонликлар ҳам фойдаланиши мумкин. Жараён (криптовалюта сотиб олиш) бир мунча қийин, аммо амалласа бўлади. Қизиқ бўлса, изланинг, уруниб кўринг.

Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин!

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.