Сиёсат - 20:26 · 02.05.2022

Мирзиёев ва Эрдўғон бир-бирини Рамазон ҳайити билан табриклади

Шавкат Мирзиёев 2 май куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарлари Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирини ва мамлакатларнинг биродар халқларини самимий қутлаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор қилди.

2022 йил март ойида Ўзбекистонга амалга оширилган олий даражадаги ташрифда самарали натижаларга эришилгани, улар икки томонлама муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро делегациялар ташрифлари фаол амалга оширилмоқда. Йил бошидан икки томонлама савдо ҳажми қарийб 20 фоизга ошди. Мамлакатда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида замонавий саноат қувватларини яратиш ва инфратузилмани модернизасия қилиш бўйича йирик инвестисия лойиҳалари давом эттирилмоқда. Таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кенгаймоқда.

Ўзбекистон ва Туркия етакчилари халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар, Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди. Президентларнинг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек ишонч ва дўстлик руҳида ўтди.