Жаҳон - 7:31 · 02.05.2022

Сурияда террорчиларга нисбатан амнистия эълон қилинди

Сурияда президент томонидан террорчиларга нисбатан амнистия эълон қилинди. Бу ҳақда «SANA» хабар берди.

Маълум қилинишича, президент Башар ал-Асад 2022 йил 30 апрелгача содир этилган террористик жиноятлар учун умумий амнистия тўғрисида фармон чиқарган (ўлимга олиб келган терактлар бундан мустасно).

Қайд этилишича, жабрланувчилар амнистия қилинганларни судга бериш ҳуқуқини сақлаб қолган. Янги фармон миллий ярашув йўлидаги муҳим қадам экани таъкидланган. Ушбу чора қочқинларни ўз ватанларига қайтариш жараёнини осонлаштириш учун мўлжалланган.

Келтирилишича, давлат раҳбари бундан аввалроқ, 25 январь куни ҳарбий хизматдан бўйин товлаган фуқароларни умумий амнистия қилиш тўғрисида фармон чиқарган.

Маълумот ўрнида, Сурияда 2011 йилдан буён фуқаролар уруши давом этмоқда, бу урушда бир қанча аксилҳукумат террорчи ташкилотлари мухолифат томонида қатнашмоқда. Энг йирикларидан бири бўлган «Исломий фронт» Асад ҳукуматига қарши туриш учун тузилган. Унинг таркибига бир неча гуруҳлар киради. Ташкилотнинг мақсади — кейинчалик ислом давлатини тузиш билан Сурия устидан назорат ўрнатиш.

Аввалроқ Сурияда фаолият олиб борувчи Инсон ҳуқуқлари тармоғи (SNHR) Башар Асад режимини қийноқлар остида 14 мингдан ортиқ маҳбуснинг ўлимида айблади ва қамоқхоналаридаги жиноятларга алоқадор ҳар кимнинг жазоланишини талаб қилганди. Шунингдек, Сурияда жангарилар қурол ва техникаларни аҳоли пунктларига жойлаштираётгани маълум бўлганди.