Жаҳон, Сиёсат - 12:10 · 02.05.2022

Зеленский Греция ва Туркиядан россиялик сайёҳларни киритмасликни талаб қилди

Украина президенти Зеленский «ERT» телеканалига берган интервьюсида Греция ва Туркиядан россиялик сайёҳларни қабул қилмасликни талаб қилди.

Фото: «EPA»

Владимир Зеленскийнинг келтиришича, россиялик сайёҳларни киритиш адолатсизлик ва бу борада танлов амалга ошириш вақти келган.

«Греция бюджетига туризмдан катта пул тушади. Россия туризми эса узоқ йиллар давомида Грецияга катта даромад келтирмоқда. Туркияда ҳам вазият худди шундай. Туркия бир томондан воситачи бўлиб Украинани қўллаб-қувватласа, бошқа томондан Россия туризми учун махсус туристик йўналишлар тайёрланаётганини кўрамиз.

Агар биз дўстона муносабатларни истасак, уларни қабул қилиш мумкин эмас. Бу адолатдан эмас. Мен бундай бўлиши мумкин эмаслигига ишонаман, танлов қилиш вақти келди», — дейди президент.

Аввалроқ Украина президенти Россия билан музокаралар, Путин, NATO ва украиналикларнинг кураши ҳақида интервью берганди.