Жамият - 23:57 · 03.05.2022

Маданий мерос агентлиги Мирзачорбоғ саройи тўғрисидаги мақолага муносабат билдирди

Маданий мерос агентлиги Навоийнинг Кармана туманидаги харобага айланиб қолган Мирзачорбоғ саройи тўғрисидаги мақолага муносабат билдирди.

Фото: Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати

Маълум бўлишича, Навоий вилояти Маданий мерос бошқармаси жойга чиқиб ўрганиш ишлари олиб борган. Унга кўра, сарой вилоятнинг Кармана тумани Кўҳна Қўрғон маҳалласи ҳудудида жойлашган, XIX асрда бунёд этилган. Мутахассислар томонидан ҳозирги кунда объектни муҳофаза қилиш лойиҳалари устида иш олиб борилаётгани айтилган.

Амалга ошириладиган ишлар, жумладан, объектнинг ғиштли пойдевори қисмларини реставрация қилиш, таг синчининг ва горизонталь синчларнинг бузилган қисмларини тузатиш, том қисмидаги шиферларни олиб ташлаш, объектни тўлиқ ўраб олиш белгилаб олинган.

Фото: Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати

«Шу ўринда, давлат мулки ҳисобланадиган маданий мерос объектларини таъмирлаш, реставрация қилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги ‘Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лисензиялаш тўғрисида’ги низомни тасдиқлаш ҳақидаги 1021-сонли қарор асосида маданий мерос объектларини таъмирлаш ишларига рухсат берувчи лицензияга эга бўлган ташкилотлар томонидан амалга оширилиш мумкинлигини маълумот сифатида келтириб ўтамиз», дейилади агентлик муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, «Bugun.uz» мухбири Навоий вилояти Кармана туманида Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан 1900–1905 йилларда қурдирилган Мирзачорбоғ саройидан репортаж тайёрлаганди. Сарой 1942–45 йилларда поляк ҳарбийларига казарма сифатида берилган, кейин пиллачилик идораси бўлган, 80 йилларгача яхши ҳолатда сақланган, 1983 йилдан кейин қаровсиз ҳолга келган.